Украина президенти Владимир Зеленский июнь ойи охирида бўлиб ўтадиган G7 ва НАТО саммитларида иштирок этиш таклифини қабул қилди.
«Федерал канцлер Олаф Шольцнинг Германиядаги G7 саммитида, НАТО бош котиби Йенс Столтенбергнинг Мадриддаги НАТО саммитида иштирок этиш ҳақидаги таклифларини миннатдорчилик билан қабул қилдим», — деб ёзган Зеленский Twitter’да.
Украина президенти тадбирларда шахсан қатнашмоқчими ёки видеоалоқа орқали иштирок этмоқчими, аниқлик киритмаган.
Зеленскийнинг НАТО саммитига таклиф қилингани ҳақида альянс бош котиби Йенс Столтенберг Брюсселда иттифоқчи давлатлар мудофаа вазирлари йиғилиши олдидан ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилган эди. Столтенбергнинг сўзларига кўра, у Украина президентини шахсан кўришдан хурсанд бўлади, «лекин бунинг иложи бўлмаса, Зеленский етакчиларга видеоалоқа орқали мурожаат қилиши мумкин».
НАТО саммити 28—30 июнь кунлари Мадридда бўлиб ўтади. Украинанинг тадбирдаги иштироки январь ойида Зеленский ва Столтенберг томонидан муҳокама қилинган эди. Столтенбергнинг таъкидлашича, учрашувда Украинага «Совет давридаги эски қуроллардан замонавий НАТО қуролларига ўтишга ва ҳамкорликни яхшилашга ёрдам берадиган» янги ёрдам пакети эълон қилиниши мумкин.
Бундан ташқари, блок аъзолари Шимолий Атлантика альянсининг янги концепциясини қабул қилиши кутилмоқда, унда НАТОнинг хавфсизлик, чақириқ ва имкониятлар соҳасидаги асосий вазифалари белгилаб олинади. Хусусан, альянс Россияга нисбатан муносабатини қайта кўриб чиқмоқчи ва ҳужжатга Хитой бўйича қоидаларни киритмоқчи, деди Италиянинг НАТОдаги вакили Франческо Мария Тало. Унга кўра, саммит мавзуларидан бири Украинадаги вазият бўлади. Украина альянсга киришга интилмоқда, НАТО эса унга нисбатан «очиқ эшиклар» сиёсатига амал қилади. Шу билан бирга, Зеленский март ойи бошида Россия билан қарама-қаршиликдан хавфсираб, мамлакатнинг альянсга аъзолиги масаласидан «совиб қолганини» айтганди. Москва Украинанинг НАТОга киришига қарши.
«Катта еттилик» давлатлари (АҚШ, Германия, Буюк Британия, Италия, Франция, Канада ва Япония) раҳбарларининг учрашуви эса 26—28 июнь кунлари Германия жанубидаги Бавариянинг Элмау қасрида бўлиб ўтади. Бу йил ассоциацияга Германия раислик қилмоқда. АҚШ Давлат департаменти саммитда, хусусан, Россияга қарши санкциялар муҳокама қилинишини айтди. Ғарб давлатлари, жумладан G7 давлатлари Украинага қурол етказиб бермоқда. Россия эса буни «ҳарбий жиноят» деб ҳисобламоқда.
Изоҳ (0)