Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институтининг қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди Екатерина Лян бошчилигидаги селексионер олимлари янги қовун навини ихтиро қилди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, «Зарҳал» номи берилган ушбу дурагай фақат иссиқхонада етиштирилади. «Зарҳал» ўта эрта пишар нав бўлиб, у 72—78 кун давомида ўсади. Унинг палаги бақувват, сершох. Барги эса, кенг, қалин, тўқ яшил рангли, қирқимлидир.
Ҳосили шарсимон, ўртача катталикда бўлиб, оғирлиги атиги 0,8—1,5 килограмм келади. Юзаси эса текис, сариқ рангда. Устида яшил рангли чизиқлар тортилган. Ички қисми оқиш, хўшбўй ҳидли.
«Зарҳал»нинг таркибидаги қуруқ модда миқдори 13,5—14,5 фоизни ташкил этса, қанд миқдори 12-13 фоиздангина иборат.
Ҳосилдорлиги 8—8,5 килограмм/метр квадратга тенг бўлган ушбу қовун нави ун шудринг ва фузариос сўлиш касаллигига чидамлидир.
Аввалроқ Ўзбекистонлик олимлар импорт ўрнини босувчи янги қулупнай навини яратилгани тўғрисида хабар берилганди.
Мавзуга доир: Ўзбекистонда помидорнинг янги нави ихтиро қилинди
Изоҳ (0)