Шимолий Корея Япон денгизига саккизта қисқа масофали баллистик ракета учирди. Бу ҳақда Жанубий Корея штаб бошлиқлари бирлашган қўмитасига таяниб Yonhap агентлиги хабар берди.
Жанубий Корея ҳарбийларига кўра, ракеталар Пхеньяндаги Сунан аэропорти атрофидаги туманлардан маҳаллий вақт билан 09:08 дан 09:43 гача (Тошкент вақти билан 05:08 дан 05:48 гача) учирилган. Шу билан бирга, агентлик манбаси КХДР ракеталарни камида икки хил жойдан учиргани ҳақида хабар берди.
Япония мудофаа вазири Нобуо Киси Шимолий Корея камида олтита баллистик ракета учирганини айтди. Япония вазирлиги биринчи ракетани маҳаллий вақт билан 9:14 да (Тошкент вақти билан 05:14) пайқаган. Улардан бир нечтаси Япониянинг эксклюзив иқтисодий зонаси ташқарисида денгизга қулаган.
Япония ҳукумати ҳодиса муносабати билан фавқулодда вазирлик ва хизматларнинг фавқулодда йиғилишини чақирди.
АҚШнинг Ҳинд-Тинч океани қўмондонлиги Шимолий Кореядан бир нечта баллистик ракета учирилганидан хабардор эканини, иттифоқчилар билан маслаҳатлашаётганини ҳамда Жанубий Корея ва Японияни ҳимоя қилишга содиқлигини билдирди.
Жанубий Корея ҳарбийларининг ҳисоб-китобларига кўра, бу КХДРнинг йил бошидан бери 18 марта ракета учирши. Охирги марта АҚШ президенти Жо Байденнинг Сеул ва Токиога ташрифи ҳамда Quad саммитидан (22 майда ўтказилган) кейин КХДР Япон денгизига қарата учта ракета учирган эди. Япония буни Шимолий Корея томонидан очиқ-ойдин провокация деб атади.
23 май куни Жанубий Корея ва АҚШ жавоб ракеталарини учирди. Сеул «Хенму-2» баллистик ракеталарини, Қўшма Штатлар эса битта ATACMS ракетасини Япон денгизи томон учирди. Шундай қилиб, иттифоқчилар «зудлик билан зарба бериш» имкониятини намоён қилди.
Май ойи охирида АҚШ, Жанубий Корея ва Япония Шимолий Кореянинг ракета учиришини қоралади. Мамлакатлар вакиллари Корея ярим оролини тўлиқ ядросизлантириш мақсадида уч томонлама ҳамкорликни кучайтиришга келишиб, Шимолий Корея вакиллари билан учрашишга тайёр эканини таъкидлади.
Изоҳ (0)