1 июндан бошлаб Тошкентдаги дўконларда «буханка» нонларни 2 800 сўмдан сотиш бошланди. Бунгача унинг нархи 1400—1600 сўм эди.
Аввалроқ «Ғаллани етиштириш ва сотишда бозор тамойилини жорий этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарори қабул қилинганди. Молия вазирлиги департаменти мудири Тўлқин Мирзаев эса истеъмол бозорида сотилаётган ёпган нонлар импорт ундан ёпилгани учун қимматлашаётганини маълум қилган эди.
«Ижтимоий тармоқларда ёпган нон нархи ошиб кетди, бунга шу қарорнинг (президент қарори — таҳр.) қабул қилиниши сабаб бўлди, деган хабарлар юрибди. Бу гапларнинг ҳаммаси асоссиз. Чунки истеъмол бозорида сотилаётган ёпган ноннинг барча турлари импорт қилинган ундан ёпилади. Шу сабабли бу қарорнинг ёпган нонга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Мазкур нонларнинг асосий хом ашёси, асосан, Қозоғистон ва бошқа мамлакатлардан импорт қилинган ундир. Бундай миш-мишлар тарқалишига айрим ноинсоф тадбиркорларнинг халқимизга нисбатан бўлган нотўғри ҳаракати сабаб бўлган деб биламан. Биз бу бўйича қисқа муддатда ўрганишлар ўтказамиз ва тегишли чоралар кўрилади», — деди вазирлик вакили.
Тўлқин Мирзаевга кўра, буғдойнинг нархи 3 миллион сўм атрофида бўладиган бўлса, «буханка»нинг нархи 2 800 сўмдан, яъни бозордаги нархдан ошиб кетмайди.
«Бу энг пессимистик прогнозларимиз. Лекин ўйлайманки, тадбиркорларимиз эркинлаштириш жараёнида ички рақобатдан келиб чиқиб, ўз харажатларини камайтириш ва бозор ўз ўрнини йўқотмасликка ҳаракат қилади. Бунинг натижасида ‘буханка’ нархи бундан ҳам арзон бўлиши мумкин», — дейди у.
Изоҳ (0)