Туркманистон парламенти президент Сердар Бердимуҳамедовнинг онаси Огулгерек Бердимуҳамедовага «Туркманистонда хизмат кўрсатган гиламдўз» фахрий унвонини берди. Бу ҳақда Turkmenportal хабар қилди.
Ушбу унвон давлат буюртмасига биноан Бердимуҳамедовага «Туркманистон мустақиллиги ва суверенитетини мустаҳкамлаш, миллий гиламдўзлик санъатини ривожлантириш, гиламларни ажойиб нақшлар билан безаш ҳамда кўп йиллик машаққатли ва виждонли меҳнати, касб маҳорати» билан «Туркменковёр» давлат уюшмасига қўшган ҳиссаси учун берилган.
Фармонда Бердимуҳамедова «Туркман гиламдўзлик санъатини ривожлантириш, такомиллаштириш, келажак авлодларга етказиш, моҳир қўллар билан яратилган гилам нақшлари орқали муқаддас Ватаннинг шонли равнақини бутун дунёга тараннум этишда муносиб ҳисса қўшган моҳир гиламдўзлардан бири» сифатида эътироф этилган.
Шунингдек, яна ўн бир нафар гиламдўзга шундай фахрий унвон бериш тўғрисидаги президент фармони эълон қилинган.
«Туркманистонда хизмат кўрсатган гиламдўз» фахрий унвони 1991 йилдан бери май ойининг сўнгги якшанбасида нишонланиб келинаётган туркман гилами байрами арафасида берилади.
Мавзуга доир: Туркманистонда миллий байрам муносабати билан 210 квадрат метрли улкан гилам яратилмоқда
Изоҳ (0)