«Барселона» президентини Хоан Лапорта интервьюларида Лионель Мессини эслаб ўтиши, футболчининг жаҳлини чиқармоқда.
Бир неча кун аввал «ПСЖ» ҳужумчисининг отаси Хорхе Месси Лапортага қўнғироқ қилиб, ҳар бир интервьюсида Леони тилга олишни бас қилишини сўраган. Суҳбат дўстона руҳда бўлиб ўтди, дейилади хабарда.
Аргентиналик футболчи «Барселона»дан кетганидан буён президент мунтазам равишда Мессининг жамоага қайтиш имкониятларини баҳолаб келади. Шундай интервьюлардан бири 25 май куни берилди.
Лионель Лапорта доим у ҳақида гапиришидан чарчаган. Хорхе Месси ўғлини тинч қўйишларини, у «Барселона»ни ўтмишда қолдирмоқчилигини сўраган.
Футболчининг каталонияликлар сафига қайтиши иложсиз. Чунки унинг Хоан Лапорта билан муносабатлари яхши эмас.
Месси ўзини алдангандек ҳис қилган. Лапорта сайлов компанияси пайтида ва президентлик муддати бошида «Барселона» аргентиналик билан шартномани узайтириш истагини билдирган. Аммо якунда у жамоани тарк этишга мажбур бўлган. Бу Месси учун кучли зарба бўлган.
Эслатиб ўтамиз, Лионель Месси ва «Барселона» янги битим борасида келишганига қарамай, молиявий ва тизимли тўсиқлар туфайли шартнома имзоланмади. Натижада аргентиналик футболчи «кўк-анорранглилар» сафини тарк этиб, «ПСЖ»га ўтганди.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)