Украина армиясининг тахминий сони 700 минг нафарни ташкил қилади. Бу ҳақда мамлакат президенти Владимир Зеленский маълум қилган. У 2021 йилда Украина қуролли кучларининг сонини 100 минг нафарга ошириш ҳақидаги фармонни имзолаганди.
«Бугунги кунда умумий қўшинда 700 минг нафар жангчи бор ва сиз шунча одамнинг қандай курашаётганини кўриб турибсиз», — деган Зеленский «Украина 24» каналига берган интервьюсида.
Зеленский Россия армияси сонига баҳо бериб, бу ҳақиқатан жуда катта рақамлар эканлигини қайд этди.
«Мен бугун бундай ҳажмдаги қўшинга қарши Европанинг ҳеч бир мамлакати қаршилик кўрсата олмаган бўлар эди, деб ўйлайман», — деган Украина президенти.
24 февралда Владимир Путин Украинада махсус ҳарбий операциялар бошланганини эълон қилган. Ғарб мамлакатлари мазкур қарорни қоралаган ва урушнинг бошланганига қарши бир қатор санкциялар пакетларини жорий этган, шунингдек, Киевга қурол-яроғ етказиб беришни бошлаган. 21 майда АҚШ президенти Жо Байден Украинага рекорд даражада, яъни 40 миллиард доллар миқдорида ёрдам ажратиш тўғрисидаги фармонни имзолаган. Шунингдек, АҚШ Украинани кемага қарши ракеталар билан қуроллантиришни режалаштиргани, ундан аввал эса Вашингтон Киев сўраган баравар ўт очувчи тизимларни беришдан бош тортаётгани ҳақида хабарлар берилган.
Изоҳ (0)