Хоразм вилояти Урганч шаҳридаги тергов ҳибсхонасида маҳбусларга истеъмолга яроқсиз сув берилгани бўйича Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилига мурожаат келиб тушган. Омбудсман бу бўйича ўрганиш ишлари олиб борди.
Қайд этилишича, омбудсманнинг Хоразм вилоятидаги минтақавий вакилига Урганч шаҳридаги 11-сон тергов ҳибсхонасидаги маҳбуслардан мурожаат келиб тушган. Мурожаатда маҳбусларга берилаётган ичимлик сувининг истеъмолга яроқсизлиги айтилган. 12 май куни минтақавий вакил вилоят Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошқармаси масъул ходими билан биргаликда мурожаатни жойига чиқиб ўрганган.
Аниқланишича, 11-сон тергов ҳибсхонаси камераларида соат 22:00 дан эрталабки 6:00га қадар электр энергиясидан фойдаланиш та’қиқланган. Мана шу пайтларда муассасада сақланаётган маҳбусларнинг сув ичишга эҳтиёжи бўлганда қайнатилмаган сув ичишга мажбур бўлган. Ўрганиш жараёнида Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошқармаси масъул ходими томонидан сувнинг сифати текширилиб, маҳбусларга сувни фақат қайнатилган ҳолатда истеъмол қилиниши тавсия этилган.
Мониторинг жараёнида ҳар бир камерада сувни қайнатиш жиҳозлари мавжуд экани аниқланган. Маҳбусларга соат 22.00 га қадар керакли миқдорда қайнатилган сувни захиралашлари кераклиги тушунтирилган.
Мониторинг доирасида тергов ҳибсхонасида сақланаётган шахсларга яратилган шароитлар бўйича маҳбусларнинг фикрлари ҳам ўрганилган.
Изоҳ (0)