Сурхондарё вилояти Сариосиё туманида сел оқизиб кетган икки фуқародан бирининг жасади топилди. Бу ҳақда вилоят ФВВ матбуот хизмати хабар берди.
10 май куни соат 16:00 лар атрофида туманнинг тоғли ҳудуди «Боғистон» МФЙ, Зохона қишлоғида қисқа муддатли кучли ёмғир ёғиши натижасида сел оқими ҳодисаси юзага келган эди.
Ҳодиса оқибатида ушбу ҳудудда ўзининг Nexia’сида бўлган, Узун туманида яшовчи икки фуқарони ҳам сел оқизиб кетган.
Маълум қилинишича, ФВВ қутқарувчилари ва ҳамкорликдаги ташкилотлар билан олиб борилган қидирув-қутқарув ва сел оқими оқибатларини бартараф этиш жараёнида автомобиль ва бир нафар фуқаро Тўпаланг дарёси ўзанидан топилди.
Воқеа жойида ФВБ қутқарувчилари, Миллий Гвардия, Ички ишлар ва тегишли хизматлар ходимлари томонидан қидирув-қутқарув ва сел оқими оқибатларини бартараф этиш ишлари давом эттирилмоқда.
«Ўзгидромет» маълумотига кўра, 13 майгача Ўзбекистоннинг 9 та вилоятидаги тоғли ҳудудларда сел келиш хавфи мавжуд.
Изоҳ (0)