Ўзбекистон Шарқий Қуддусдаги вазият кескинлашганидан жиддий хавотир билдиради. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.
«Биз томонларни кескинликни кучайтирмасликка ва можарони тезроқ бартараф этиш учун барча зарур чораларни кўришга чақирамиз. Фаластин—Исроил муаммосини ҳал қилиш халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашининг аввал қабул қилинган резолюциялари ва ‘икки халқ учун икки давлат’ тамойили асосида амалга оширилиши зарур. Биз томонларни ихтилофни мулоқот ва дипломатия йўли билан ҳал қилиш учун вазминлик ҳамда сиёсий ирода кўрсатишга чақирамиз», — дейилади ҳужжатда.
Эслатиб ўтамиз, фаластинликлар ва Исроил хавфсизлик кучлари ўртасидаги таранглик апрель ўрталарида яна кучайди. 15 апрель, жума тонгида Қуддуснинг Маъбад тоғидаги ҳам мусулмонлар, ҳам яҳудийлар учун муқаддас бўлган ал-Ақсо масжиди атрофида икки томоннинг тўқнашуви бошланди. Бу пайтда масжидда 12 мингга яқин мусулмон намозга йиғилганди.
Исроил томони фаластинликларни ибодатга келган яҳудийларга ва уларни қўриқлаб келган полиция ходимларига тош отганликда айблади. Ушбу даъво билан Исроил кучлари фаластинликларга қарши кўзни ёшлатувчи газ ва резина ўқлардан фойдаланди. Ижтимоий тармоқларда исроиллик полициячиларнинг фаластинликларга куч ишлатаётгани акс этган видеолар тарқалди. Ўша кунги тартибсизликларда 150 га яқин фаластинлик жароҳатланган.
Изоҳ (0)