ЖЧ—2022 саралаши доирасида 2021 йилнинг 5 сентябрида бўлиб ўтиши режалаштирилган Бразилия ва Аргентина терма жамоалари ўртасидаги баҳс қайта ўтказиладиган бўлди.
Эслатиб ўтамиз, мазкур учрашув 4-дақиқадаёқ тўхтатилганди. Бразилия полицияси майдонга чиқиб келган ва карантин қоидаларини бузган Аргентинанинг тўрт нафар футболчисини (Буэндия, Мартинес, Ло Чельсо ва Ромеро) ҳибсга олмоқчи бўлганди. Шундан кейин жамоалар саралаш ўйинларини муваффақиятли якунлаб, Қатар мундиали йўлланмасига эга чиқди.
Кейинчалик ФИФА ўйинни қайта ўтказиш ва ҳар икки томонни жаримага тортиш ҳақида қарор қабул қилганди.
Бразилия ва Аргентина футбол ассоциациялари мазкур ўйин турнир жадвалига таъсир ўтказмагани боис ФИФАдан қайта ўтказиш талабини бекор қилишни сўради. Бироқ ФИФА апелляция қўмитаси ушбу мурожаатга рад жавобини берди ва ўйиннинг қайта ўтказилишини маълум қилди. Шунингдек, терма жамоаларга қўлланилган жарима жазо чораси ҳам ўз кучида қолади.
Катта эҳтимол билан мазкур ўйин бошқа минтақада ўтказилади. Ўйиннинг санаси ҳақида кейинроқ маълум қилиниши айтилган.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)