Тошкент вақти билан 1 май тонгида АҚШнинг Лас-Вегас шаҳрида профессионал бокс оқшоми бўлиб ўтди.
Бокс кечасининг асосий жанги супер ярим енгил (-59 кг) вазн тоифасида WBO камари соҳиби Шакур Стивенсон (18-0, 9 КО) ва WBC чемпиони Оскар Вальдес (30-1, 23 КО) ўртасида кечди.
Тўлиқ 12 раунд давом этган жангда Стивенсон очколар эвазига ғалабани қўлга киритди — 117:110, 118:109, 118:109.
Шу тариқа АҚШ вакили WBO ва WBC камарлари эгасига айланди. Супер ярим енгил вазн тоифасида WBA камари Рожер Гутерресга, IBF камари эса Кеничи Огавага тегишли.
Мазкур дивизионда ўзбекистонлик боксчи Элнур Абдураимов (8-0, 7 КО) ҳаракат қилади. Элнур ўзининг навбатдаги жангини 7 май оқшомида Мануэль Корреага (11-0, 7 КО) қарши ўтказади.
Изоҳ (0)