Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети талабаси тўртинчи қаватдан сакраб ўз жонига қасд қилгани тўғрисида хабар берилганди. Бош прокуратура матбуот хизматининг маълум қилишича, ҳозирда ҳолат юзасидан текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.
29 апрель куни соат 08:10 ларда Учтепа туманида жойлашган Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети маъмурий биносининг 4-қаватидан Наманган вилоятида туғилган 21 ёшли 2-курс босқич талабаси (эркак) ўзини пастга ташлаб, жонига қасд қилган.
Ҳозирда содир этилган ҳодисанинг аниқ сабабларини аниқлаш, иш учун аҳамиятли бўлган из, далил ва бошқа муҳим буюмлар инсон таъсири оқибатида йўқолиши ёки шикаст етказилишининг олдини олиш мақсадида, жиноят процессуал қонунчилигига риоя қилган ҳолда Учтепа туман прокуратураси томонидан текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Самарқанд давлат университетига қарашли талабалар ётоқхонасида 29 март куни соат 02:00 ларда С.Э. исмли талаба қиз ўзини 9-қаватдан ташлаб, вафот этгани ҳақида хабар берилганди. Самарқанд вилояти прокуратураси ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатган.
Изоҳ (0)