Самарқанд вилояти Нарпай туманида пул эвазига қўшни давлат университетга ўқишга киритиш ва кўчириб бермоқчи бўлган шахс қўлга олинди, деб хабар беради Бош прокуратура ҳузуридаги департамент.
Маълум қилинишича, департамент ҳамда ДХХнинг Нарпай тумани бўлимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилган. Тадбирда С.Х. исмли шахс ўзгалар мулкини фирибгарлик йўли билан қўлга киритишни кўзлаб, фуқаро М.нинг Ўш технология университетидаги ўқишини 1,4 минг доллар эвазига Самарқанд давлат университетига кўчириб беришни ваъда қилгани аниқланган. Шунингдек, у яна икки нафар фуқаронинг ҳар бирига 800 доллардан ҳисоблаб, 1,6 минг доллар эвазига Чимкент шаҳридаги Мухтор Авезов номидаги институтга 2-курсдан ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилган. Фуқаро С.Х. жами 3 минг долларни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Аввалроқ Бухорода фуқаронинг Тожикистондаги ўқишини кўчириб бериш учун 2 минг доллар олган аёл қўлга тушгани, Сурхондарёда фуқаронинг Тожикистондаги ўқишини 1,5 минг доллар эвазига кўчириб беришни ваъда қилган шахс ушлангани тўғрисида хабар берилганди.
Мавзуга доир:
- ДХХ Самарқандда хориждан ўқишни кўчириш учун қалбаки ҳужжат тайёрловчи шахсларни қўлга олди
- Андижонда фуқароларнинг хориждаги ўқишини Ўзбекистонга кўчириб бериш учун жами 3,1 минг доллар олган шахслар ушланди
- Фарғонада 30 нафар талабанинг ўқишини Қирғизистондан Ўзбекистонга кўчириб бериш учун 67 минг доллар олган шахслар ушланди
Изоҳ (0)