ДХХнинг Қашқадарё вилояти бўйича бошқармаси ҳамда вилоят ИИБ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида Китоб туманида яшовчи фуқаронинг Сурияга кетишининг олди олинди, деб хабар беради ЎзА.
Хусусан, 24 ёшли фуқаро Қ.Т. 2020—2021 йиллар давомида Россияда ишлаган даврида ижтимоий тармоқлар орқали жиҳодчилар диний экстремистик оқими аъзолари таъсирига тушиб қолиб, уларни қўллаб-қувватлаган.
Жумладан, у TikTok, Likee, Instagram ижтимоий тармоқларида шахсий профиллар очиб, унга халқаро террористик ташкилотлар ва диний экстремистик оқимларнинг ғоявий раҳнамолари бўлган Абу Салоҳ, Абдуллоҳ Зуфар, Абдуллоҳ Бухорий, Содиқ Самарқандий ва бошқаларнинг жиҳод, ҳижрат ҳамда шаҳидликка чорловчи маърузаларини жойлаштириб, тарғибот ишларини олиб борган.
Шунингдек, 2021 йилнинг декабрь ойида Россиядан доимий яшаш манзилига қайтиб келганидан сўнг, ҳамқишлоқлари орасида ҳам оқим ғояларини фаол тарғиб қилган. Бундан ташқари, Қ.Т. Суриядаги жангарилар билан алоқа ўрнатиб, уларнинг йўл-йўриқлари ҳамда кўрсатмалари асосида Россия ва Туркия орқали уларнинг сафига бориб қўшилишни режалаштирган.
Экспертиза хулосасига кўра, Қ.Т. томонидан тарқатиб келинган диний мазмундаги материаллар ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган бўлиб, уларни Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш, тарқатиш ва сақлаш тақиқланади.
Ҳозирда Қ.Т.га нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан қўзғатилган жиноят иши доирасида тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Сурхондарёда Facebook орқали ақидапарастлик ғояларини тарғиб қилган шахс ушлангани, Сирдарёда халқаро террористик ташкилотга аъзолиги учун қамалган маҳкум қамоқхонадан туриб экстремистик гуруҳ тузгани, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида экстремистик ташкилотларга алоқадор 24 нафар шахс қўлга олингани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)