Лондонда икки нафар қуролланган шахс профессионал боксчи Амир Хон (34-6, 21 КО) ва унинг рафиқаси Фарял Маҳдумни тўнаб кетди.
«Ҳозиргина Шарқий Лондоннинг Лейтон шаҳрида қурол ўқталиб қўлимдаги соатимни ечиб олишди. Рафиқам билан йўлни кесиб ўтаётгандим, яхшиямки у мендан бир неча қадам ортда юрганди.
Икки киши югуриб келиб, пешонамга қурол ўқталиб, соатимни олиб кетди. Муҳими, ҳозир рафиқам иккаламиз ҳам хавфсиз жойдамиз», — деб ёзади Хон.
Боксчи сўнгги жангини 19 февраль куни британиялик Келл Брокка қарши ўтказиб, мағлуб бўлганди.
Аввалроқ «Манчестер Юнайтед» футболчиси Пол Погба майдондалик вақтида унинг уйига ўғри тушгани ҳақида маълумот берилганди. Карим Бенземанинг уйига ҳам ўғри тушгани хабар қилинганди. «Ливерпуль» футболчиси Фабиньо ҳам ўғрилик қурбони бўлганди. Талончилар «Манчестер Сити» вингери Риёд Маҳрезни ярим миллион еврога чув туширгани ҳақида хабар берилганди. Деле Алли эса ўз уйида босқинчи ўғрилар томонидан калтакланганди.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)