«Барселона» ҳимоячиси Херард Пике ўз компанияси орқали Испания Суперкубогини Саудия Арабистонида ўтказиш бўйича музокараларда қатнашгани ва ундан улуш олишини тан олди.
Аввалроқ Пикега тегишли бўлган Космос компанияси Испания футбол федерацияси ва Саудия Арабистони ўртасида Испания Суперкубогини Саудия Арабистонида ўтказиш бўйича воситачилик қилгани учун қўшимча 24 миллион евро ундиргани хабар қилинганди.
Биз қилаётган ҳамма нарса қонуний. Бу манфаатлар тўқнашувидаги ролимни ошкор қиламан ва юзимни кўрсатмоқчиман, чунки яширадиган ҳеч нарсам йўқ. Космос билан қилаётган ишларимиздан фахрланаман.Биз мусобақа форматини ўзгартириб, томошабин учун қизиқарлироқ бўлишини мақсад қилгандик. Бу даромадга ҳам таъсир қилади. Испания футбол федерацияси (RFEF) президенти Луис Рубиалесга бу ғоя жуда ёқди. Саудия Арабистони ягона вариант эмасди. Биз АҚШ, Қатар вариантларини ҳам кўриб чиққандик, аммо якунда Саудия Арабистони номзодида тўхталдик.
Улуш — бугунги дунё учун одатий ҳол. У 10—15 фоиз орасида ўзгариб туради ва ушбу миқдордаги пулни келишувга ёрдам берган агентликка бериш адолатли бўлади деб ўйладик. Комиссия бозор талабларига мос келади.
Мен RFEF’га шундай имконият тақдим этдим. Формат ўзгаришидан олдин улар мусобақадан 120 минг евро даромад топарди, энди эса 40 миллион.
Эълон қилинган аудиёзувларга келсак, улар контекстдан қирқиб олинган. Мен шунчаки президентга иш формуласини топишга ёрдам беряпман.
Тижорий келишувларни бутун умр шуғулланиб келган фаолиятим — футболдан ажратишни биламан. Ҳеч қачон ёрдам олмадим. Агар сиз адолатли савдо битими рақобатга таъсир қилади, демоқчи бўлсангиз, унда сиз менинг кимлигимни билмайсиз.
Бир ҳафта олдин менга El Confidencial’дан қўнғироқ бўлди ва шундай материал тайёрланаётгани хабар қилинди. Бунга аҳамият бермайман, деб жавоб бердим. Чунки яширадиган нарсам йўқ.
Бу сиздирилган маълумотлар ортида ким турганини тушуниш учун жуда ақлли бўлиш шарт эмас. Журналистларда савол бўлса уларга жавоб беришга тайёрман. Бу менинг шахсий ишим эмас, компаниянинг иши эканлигини таъкидламоқчиман. Компания узоқ вақтдан буён шундай ишлар билан шуғулланади. Бошқа компаниялар билан ҳам операциялар амалга оширилади. Бу нега энди нашр қилиняпти? Буни текшириб кўринг, ахир сиз журналистсиз.
Шуни маълум қиламанки, комиссия пулини тўғридан-тўғри Саудия Арабистони ҳукуматидан оламиз. RFEF’дан эса ҳеч қандай ҳолатда ҳеч нима олмаймиз. Жами 4 миллион евро (келишувда кўрсатилган 40 миллион евронинг 10 фоизи). RFEF билан ҳеч қандай тижорий келишувим йўқ.
Херард Пике, «Барселона» ҳимоячиси
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)