Наманганда қўли электр гўшт майдалагичга кириб кетган икки ёшли қизга ёрдам кўрсатилди, деб хабар беради Наманган вилояти ФВБ матбуот хизмати.
Маълум қилинишича, 14 апрель куни соат 18:55 да Наманган вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармасига икки ёшли қизчани эҳтиётсизлик оқибатида электр гўшт майдалагичга қўли кириб кетгани бўйича ташвишли хабар келиб тушган.
Шунга кўра зудлик билан ФВБ қутқарув отряди қутқарувчилари айтилган манзилга етиб борган ва Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиали шифокорлари билан биргаликда махсус-асбоб анжомлар ёрдамида қизчанинг қўлини гўшт майдалагичдан чиқариб олган.
«Қизчанинг қўли асраб қолинди. Ҳозирда унинг аҳволи яхши. Ўз навбатида, барча ота-оналардан фарзандларини назоратсиз ва ёлғиз қолдирмасликни сўраб қоламиз», — дейилади хабарда.
Изоҳ (0)