Украина ҳукумати Россияга қарши тўлиқ савдо эмбаргосини маъқуллади. Бу ҳақда Украина Вазирлар Маҳкамасининг Олий Рададаги вакили Тарас Мелничук маълум қилди.
«Россия Федерациясига қарши савдо эмбаргоси жорий этилди. Украинанинг божхона ҳудудига Россиядан товарлар олиб кириш тақиқланади», — деб ёзган Мелничук Telegram’даги каналида.
Украина расмийларининг ҳисоб-китобларига кўра, мамлакатлар ўртасидаги савдо алоқаларининг тўлиқ тўхташи Россияга йилига камида олти миллиард долларга тушади.
Россия Федерал божхона хизмати маълумотларига кўра, 2021 йилда Украина ва Россия ўртасидаги савдо айланмаси 23 фоизга ошиб, 12,3 миллиард долларни ташкил этган.
2015 йилдан бери Украинага Россиядан айрим товарларни олиб кириш тақиқланган, деб ёзади «Украинская правда». Буларга гўшт, балиқ, баъзи сут маҳсулотлари, қаҳва, чой, ширинликлар, спиртли ичимликлар ва сигареталар, дори-дармонлар, ўғитлар, саноат маҳсулотлари, транспорт воситалари, қоғоз маҳсулотлари киради.
Аввалроқ Европа Иттифоқи Россияга қарши навбатдаги санкциялар доирасида Россия кўмирига эмбарго қўйишни маъқуллаган. Европа Иттифоқи комиссияси ҳисоб-китобларига кўра, кўмирга эмбарго қўйилса Россия йилига 4 миллиард евро даромад йўқотиши мумкин.
Изоҳ (0)