Ўзбекистон халқ артисти Лутфулла Саъдуллаев 10 апрель куни вафот этди. Бу ҳақда унинг қизи Муқаддас Саъдуллаева Instagram саҳифасида маълум қилди.
Актёр бир неча кун аввал шифохонанинг жонлантириш бўлимига оғир аҳволда жойлаштирилган, кейинроқ эса комага тушиб қолган эди.
Лутфулла Саъдуллаев 1940 йил 18 декабрда Тошкент шаҳрида туғилган. 1965 йил Тошкент театр ва рассомчилик санъат институтини тугатган. 1963—2007 йилларда Республика ёш томошабинлар театри, Абдулла Қаҳҳор номидаги сатира театрларида актёр бўлиб фаолият кўрсатган. Сўнгги йилларда Абдулла Қаҳҳор номидаги сатира театрида ижод қилиб келаётган эди.
Фаолияти давомида 200 га яқин спектаклларда бир-биридан эсда қоларли роллар ижро этади. Кино ва видеофильмлар, телевизион миниатюралар дастурида ижро этган роллари эса 500 дан ортиқдир. Лутфулла Саъдуллаев узоқ йиллик ижодий фаолиятида давомида ўз ҳаёти ва ижодидан ҳикоя қилувчи, устозлари, марҳум ҳамкасблари ҳақидаги хотиралари жамланган «Қисмат», «Ўкинч», «Мени кечир» номли китобларини нашрдан чиқарган.
Изоҳ (0)