Самарқанддаги хусусий боғчалардан бирида тарбияланувчи бола калтаклангани ва тарбиячи ўз аризасига кўра ишдан бўшагани ҳақида хабар берилганди. Самарқанд вилояти ИИБ матбуот котибининг маълум қилишича, мазкур хусусий боғчада содир бўлган ҳолат юзасидан жиноят ишини қўзғатишдан рад этиш бўйича қарор қабул қилинган.
Терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида боғча тарбияланувчиси, вояга етмаган У.Ф.нинг танасида тан жароҳатлари бор ёки йўқлигини аниқлаш мақсадида судга оид тиббий экспертиза тайинланган.
РСТЕИАМ Самарқанд филиалининг 4 апрель кунидаги судга оид тиббий экспертиза хулосасига кўра, суд тиббий текшируви вақтида У.Ф.нинг танасида бирор-бир тан жароҳатлари топилмагани кўрсатилган.
Ҳолат юзасидан Самарқанд туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилган. Мазкур ҳолатда жиноят аломатлари йўқлиги сабабли 4 апрель куни Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси 2-бандига асосан жиноят ишини қўзғатишдан рад этиш ҳақида қарор қабул қилинган.
Аввалроқ Самарқандда болаларни игна тиқиб қўрқитган хусусий боғча тарбиячисига нисбатан жиноят иши қўзғатилган эди.
Изоҳ (0)