Наманганлик тадбиркорлар томонидан Қорақалпоғистоннинг Қораўзак туманига маиший ва сервис хизматлари кўрсатишга мослаштирилган контейнерлар етказиб берилди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири Азизбек Абдувалиев хабар бермоқда.
Умумий суммаси 1,9 миллиард сўм бўлган 13 та контейнер овул фуқаролар йиғинлари марказларига ўрнатилмоқда.
«Мазкур контейнерларга сартарошхона, чевархона, пойабзалларни таъмирлаш ва автомобилларга техник хизмат кўрсатиш шохобчалари жойлаштирилади. Уларда тажрибали мутахассислар иш бошлайди ва маҳаллий ёшлардан шогирдлар тайёрлайди. Шу тариқа контейнерларнинг ҳар бирида ўртача 10 та янги иш ўрни яратилади», — дейди Наманган вилоят инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси ахборот хизмати ходими Орифжон Аюбхонов.
Мазкур лойиҳа Оролбўйини ривожлантириш мақсадида Қораўзак туманига бириктирилган Наманган вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан амалга оширилмоқда. Бундай лойиҳаларни мувофиқлаштириб бориш мақсадида ҳокимлик томонидан туманда Наманган вилоятининг ваколатхонаси ҳам ташкил этилган.
Мавзуга доир:
- Ҳудудларга бириктирилган вилоят ҳокимлари, кичик туманларга бериладиган катта маблағлар, қиймати 108 миллион доллар бўлган шамол электр станцияси — президентнинг Қорақалпоғистонга ташрифидан кейинги хулосалар
- Наманганлик тадбиркорлар Қорақалпоғистонда бўш ерларни ўзлаштириб, қишлоқ хўжалиги кластерларини ташкил этмоқда — Шавкат Абдураззоқов
Изоҳ (0)