Фарғонада ўйинчоқ тўппонча билан икки фуқарони қўрқитиб, уларнинг ёнида бўлган пулларни олиб қўйган шахсларга ҳукм ўқилди, деб хабар беради UzNews.
Маълум қилинишича, наманганлик фуқаро ўзининг жиноий шериклари билан тил бириктириб, Фурқат тумани «Томоша» қишлоғига келган. Улар ўйинчоқ тўппонча ёрдамида фуқаро Ҳусанов ва тожикистонлик йигитни қўрқитган ва уларни автомашинага ўтқазиб, Норин дарёсига олиб борган.
Шундан сўнг жиноятчилар Ҳусановдан аввалдан мавжуд бўлган қарзи эвазига 1,5 минг доллар беришни талаб қилиб, унинг танасидаги турли хил жойларга қасддан уриб, ёнида бўлган 400 долларни ўзбошимчалик билан қўлга киритган. Бу орада тожикистонлик йигитни ҳам ўйинчоқ тўппонча билан қўрқитиб, унинг ёнида бўлган 11,6 минг долларни олиб қўйган.
Жиноят ишлари бўйича Бешариқ туман судида жиноятчиларнинг қилмишига қонуний баҳо берилган. Унга кўра, судланувчилар Жиноят кодексининг 137-моддаси (одам ўғирлаш) 2-қисми «б», «в» бандлари, 164-модда (босқинчилик) 3-қисми «б» банди ва 229-модда (ўзбошимчалик) 1-қисми билан айбли деб топилиб, фуқаро Қ.Н. ва М.И. 7 йил 1 ойга, Б.А.га эса 5 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Изоҳ (0)