Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон 29 март куни Ўзбекистонда бўлиб турибди. Айни вақтда икки мамлакат етакчилари иштирокида Ўзбекистон—Туркия стратегик шериклик кенгашининг иккинчи йиғилиши бўлиб ўтмоқда, деб хабар «Дарё» мухбири.
Маълум қилинишича, Шавкат Мирзиёев таълим соҳасида ҳамкорлик давом эттирилиб, мамлакатда янги университетлар иш бошлашини айтиб ўтган.
«Соғлиқни сақлаш вазирликлари ўртасида ҳам йўл харитаси имзоланади. Ўтган йили Анқара ва Истанбул шаҳарларида Ўзбекистон маданият кунлари муваффақиятли ўтказилди. Жорий йилда Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида Туркия маданият кунларини ўтказишни таклиф қиламан. Шунингдек, зиёрат туризми бўйича қўшма дастур ишлаб чиқишни таклиф қиламан», — дейди Ўзбекистон президенти.
Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон 29—30 март кунлари расмий ташриф билан Ўзбекистонда бўлиши хабар қилинганди. 29 март куни Кўксарой қароргоҳида Эрдўғонни расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди.
Сўнг икки мамлакат етакчилари иштирокида Ўзбекистон—Туркия стратегик шериклик кенгашининг иккинчи йиғилиши бўлиб ўтди. Шавкат Мирзиёев мулоқот аввалида Туркия етакчиси ва халқини Наврўз байрами билан табриклаб, «етакчи турк компаниялар билан аниқ лойиҳалар сонини кўпайтириш ниятида» эканини айтиб ўтди.
Изоҳ (0)