Сирдарё туманидаги ЙПХ масканида Қашқадарёдан Тошкентга олиб кетилаётган ноқонуний гўшт маҳсулотлари тўхтатиб қолди. Бу ҳақда «Ёшлар» телеканалининг «Янги давр» дастурида маълум қилинди.
ЙПХ масканида тўхтатилган Cobalt автомобили ҳайдовчиси ҳужжатларсиз машина бошараётгани аниқланган. Шунингдек, автомобиль юкхонаси ва салон қисмида 1,2 тоннадан ортиқ гўшт маҳсулотлари борлиги маълум бўлган. Суриштирув давомида ҳайдовчи гўшт унга тегишли эканини тан олмаган. Мазкур гўшт маҳсулотлари Сирдарё вилояти ветеринария лабораториясига текшриш учун юборилган.
Лаборатория текширувлари давомида гўшт маҳсулотлари истеъмолга яроқсизлиги тасдиқланган. Ундан сальмонеллёз куйдурги касаллигига текширув давомида касаллик тасдиқланмаган, бироқ инсон ҳаёти учун хавфли бўлган ичак таёқчалари топилган.
Гўшт маҳсулотлари вилоят Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармасининг тегишли хулосасига асосан йўқ қилинган. Ҳолат юзасидан Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Сирдарё вилояти бошқармаси томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Жиззахда санитария қоидаларига зид равишда олиб кетилаётган 184 кг гўшт аниқлангани, Қашқадарёда Cobalt юкхонасидан ҳужжатсиз 230 кг гўшт топилгани, Фарғонада 14,5 тонна гўштни кўмир остига яшириб, Тожикистонга олиб ўтишга уринган шахслар аниқлангани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)