Роман Абрамович турк футбол клубини сотиб олиши мумкин. Бу ҳақда CNN Turk нашрига таяниб, «Sports.ru» хабар берди.
Қайд этилишича, россиялик тадбиркор «Гўзтепе» клуби эгаси Меҳмет Сепил билан воситачилар орқали музокаралар олиб бормоқда. Яқин орада Сепилнинг ўзи Абрамовичнинг вакили билан учрашиши кутилмоқда.
Сепил аввалроқ клуб президенти лавозимини тарк этишини эълон қилган. «Гўзтепе» жорий мавсумда қониқарсиз натижалар кўрсатмоқда, Измир клуби Туркия чемпионатида 30 ўйинда 27 очко жамғариб, 18-ўринда (20 та жамоа орасида) ўринни эгаллаб турибди.
Эслатиб ўтамиз, 27 февраль куни Абрамович Украинадаги вазият туфайли «Челси» бошқарувини клуб хайрия фондига топширди. 3 март куни эса 2003 йилдан бери бошқариб келаётган жамоасини сотишга қарор қилганини маълум қилди.
Абрамовичга нисбатан қўлланган санкциялар туфайли «Челси» ўй ўйинларга чипта сотиш ҳуқуқидан маҳрум қилинди. Шундан сўнг клубнинг бош ҳомийси жамоа билан ҳамкорликни тўхтатди. Бундан ташқари, «Челси»нинг банк ҳисоблари ҳам музлатилди.
Изоҳ (0)