Самарқанд вилояти Пахтачи туманида таркибида олтин моддаси бўлган руда тошларни ноқонуний қазиб олиш билан шуғулланувчи жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси хабар қилди.
Қайд этилишича, Давлат хавфсизлик хизмати Самарқанд вилояти бошқармаси ҳамда Пахтачи тумани ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган. Тадбир давомида таркибида олтин моддаси бўлган руда тошларни ноқонуний қазиб олиш билан шуғулланувчи жиноий гуруҳ аъзолари фаолиятига чек қўйилган.
Хусусан, Пахтачи туманида яшовчи фуқаролар М.Х. (1974 йилда туғилган), Х.У. (1985 йилда туғилган) яшаш хонадонларида таркибида олтин моддаси бўлган тахминан 920 килограмм руда тошлар ҳамда бошқа ашёвий далиллар (4 та тош тегирмон, 2 та драбелка) мавжудлиги аниқланиб, ҳужжатлар расмийлаштирилган.
Ушбу рудаларни қайта ишлаш оқибатида 339 миллион сўмдан ортиқ табиий газ ва электр энергияси талон-торож қилинган.
Ҳозирда жиноий гуруҳ аъзоларига нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатиш режалаштирилиб, суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 16 март куни Самарқанд вилоятининг Пахтачи туманида бир гуруҳ шахсларнинг таркибида олтин моддаси бўлган рудаларни ноқонуний тарзда қайта ишлаш ҳолатига чек қўйилганди. Уч нафар фуқаронинг яшаш хонадонлари кўздан кечирилганда улардан соф олтин моддаси бўлган, тахминан, 3,8 тонна руда тошлар ҳамда учта тош тегирмони, иккита олтин рудасини тозалашга мўлжалланган «мойка» ускуналари топилган.
Изоҳ (0)