18 март куни Ташқи ишлар вазирлигида Европа Иттифоқи ва унга аъзо давлатлар, шунингдек, Буюк Британия, Япония ва АҚШнинг дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари билан уларнинг ташаббуси асосида учрашув бўлиб ўтди, деб хабар беради «Дунё» агентлиги.
ТИВ маълумотига кўра, хорижий дипломатик миссиялар раҳбарлари Украинадаги вазият бўйича ўз қарашлари ҳақида маълумот берган ва халқаро ҳамжамиятнинг ўт очишни тезда тўхтатиш, конструктив музокаралар жараёнини ўтказиш ва ушбу мамлакатда халқаро гуманитар ҳуқуқни таъминлаш бўйича саъй-ҳаракатларини давом эттириш муҳимлигини таъкидлаган.
Ўзбекистон томони республиканинг ушбу масала бўйича вазмин ва бетараф ёндашув ҳамда вазиятни сиёсий ва дипломатик йўл билан ҳал қилишга чақириқни кўзда тутадиган ўзгармас позициясини билдирган.
Ўзбекистон Россия билан стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини ўрнатгани, Украина билан ҳам ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириб бораётгани алоҳида таъкидланган.
Эслатиб ўтамиз, 24 февралга ўтар кечаси Россия президенти Владимир Путин Донбассда «минтақа аҳолисини геноциддан ҳимоя қилиш» учун «махсус ҳарбий операция» бошланганини эълон қилган эди. Ўзбекистон президентининг матбуот котиби Шерзод Асадов Шавкат Мирзиёев 25 февраль куни Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилгани юзасидан берган қўшимча маълумотида Ўзбекистон бу масала бўйича вазмин, нейтрал позицияда эканлигини маълум қилганди.
Олий Мажлис Сенатининг 17 март куни ўтказилган 24-ялпи мажлисида ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Ўзбекистон Украина мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини тан олиши. Луганск ва Донецк мустақиллигини тан олмаслигини билдирган.
Изоҳ (0)