Андижон вилоятида ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан 15 минг дона кучли таъсир қилувчи психотроп дори воситаларини сотишни режалаштирган шахслар ушланди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири хабар бермоқда.
Ҳуқуқ тартибот идоралари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида 1997 йилда туғилган К.Ф. ва унинг жиноий шериги 1978 йилда туғилган М.Н.лар салкам 15 минг дона кучли таъсир қилувчи моддаларни сотишни режалаштириб, ҳаракатланганда қўлга олинган.
Тадбир давомида М.Н.га тегишли Андижон шаҳрида жойлашган «Доно болажон» номли хусусий боғча томида 14 613 дона (6258 дона «Тропикамид», 3539 дона «Регапен» ва 4816 дона «Лирика») кучли таъсир қилувчи моддалар сотиш учун сақлаб келингани аниқланган.Шунингдек, К.Ф.нинг яна бир жиноий шериги (акасининг турмуш ўртоғи) 2003 йилда туғилган С.З. кўздан кечирилганида ундан 205 дона психотроп моддалар борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштирилиб олинган.
Ҳолат юзасидан ички ишлар органлари томонидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Мавзуга доир:
Изоҳ (0)