Россия ҳакамлик судлари веб-сайтларининг бош саҳифалари хакерлар ҳужумига учради, деб ёзмоқда «Интерфакс».
Москва вақти билан соат 05:00 (Тошкент вақти билан 07:00) атрофида хакерлар Приморск, Красноярск ва Хабаровск ўлкалари, Новосибирск ва Курск вилоятлари, Москва ва Урал федерал округининг бешта вилояти ҳакамлик судларига ҳужум қилгани маълум бўлди.
Бузилган веб-сайтларда «сиёсий баёнотлар», пайдо бўлган. Sota ва «Грати» нашрлари Хабаровск ва Қрим ҳакамлик судлари сайтларининг бош саҳифаларидан скриншотларни чоп этди. Хакерлар саҳифаларга Россия президенти Владимир Путинни «1-рақамли террорчи» деб атаган матнни жойлаштирган. Унда шунингдек, Путинга нисбатан импичмент эълон қилиниши ва сиёсий маҳбусларга эркинлик берилиши талаб қилинган.
Москва вақти билан соат 08:30 га келиб, Москва, Санкт-Петербург, Новосибирск, Амур ва Свердловск вилоятлари ҳакамлик судларининг веб-сайтлари ишламай қолган. Иркуцк судининг сайти одатдагидек ишламоқда.
Эслатиб ўтамиз, Россиянинг Украинага босқини бошлангандан сўнг Anonymous хакерлик гуруҳи Россия ҳукуматига қарши «киберуруш» эълон қилганди.
Мавзуга доир:
- Украина рақамлаштириш вазирлиги ТИВ ҳамда ҳукумат сайтига DDoS ҳужум уюштирилганини хабар қилди
- Москвада The Infraud Organization хакерлар гуруҳининг асосчиси деб ҳисобланадиган шахс ҳибсга олинди. АҚШда ушбу гуруҳ ярим миллиард долларни ўмаришда айбланмоқда
- Европа Иттифоқида киберҳужумларга қарши кураш бўйича машғулотлар бошланди — Bloomberg
Изоҳ (0)