Қамчиқ довонида 15 март куни йўл четига тош-тупроқ массаси тўкилиб тушди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар қилди.
Қайд этилишича, шу куни соат 10:30 ларда «Қамчиқ» махсус қидирув, ёнғин-қутқарув бошқармасига Ангрен—Поп электрлаштирилган темир йўлининг 71-километри ва А-373-автомобиль йўли Тошкент—Водий йўналишининг 232,2-километрида йўл четига тош-тупроқ массаси тушгани бўйича хабар келиб тушган.
Воқеа жойига ФВВ қутқарувчилари ва тегишли ташкилот ходимлари етиб бориб, вазиятни ўрганган. Ҳозирда ҳудудларда вазият оқибатларини бартараф этиш тадбирлари олиб борилмоқда. Шунингдек, ёғингарчилик мавсумини беталафот ўтказиш мақсадида довон йўлида қўшимча яна 3 та механизациялаштирилган пост ташкил этилган.
Бундан ташқари, меъёридан кўп ёғингарчилик ёғиши оқибатида Амирсой тоғ-чанғи курортига олиб борувчи автомобиль йўлида тупроқ кўчиши содир бўлган. Йўл қатнов қисмида ҳаракат вақтинчалик тўхтатилган.
«Тошкент вилояти Бўстонлиқ туман ФВБ ва туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси ходимлари томонидан вужудга келган ноқулайликларни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда», — дейилади хабарда.
Қашқадарё вилоятида жойлашган Ҳисор давлат қўриқхонасининг Ғилон бўлимида қор кўчиш ҳолатлари кузатилган. 14 март куни Туркулук дарасидаги Оқтош сойида кўчган қор кўчкисининг эни тахминан 25 метрни, баландлиги 15 метрни ва узунлиги 550 метрни ташкил қилган.
Шу даранинг Дори Ҳожи сойида содир бўлган қор кўчкисининг эни эса 150 метрни, баландлиги 20—22 метрни, узунлиги 900—1000 метрни ташкил қилган. Кўчкилар талафотсиз ўтган.
«Ўзгидромет» хабарига кўра, 17—20 март кунлари Ўзбекистон ҳудудига Эрондан илиқ ва нам ҳаво, сўнгра Волгабўйи ҳудудларидан совуқ ҳаво массаси кириб келиши кутилмоқда. Кучли ёмғирлар сабабли Ўзбекистоннинг 9 та вилоятида сел келиш хавфи эълон қилинган.
Аввалроқ Қамчиқ довони ҳудудида 15—18 март кунлари кучли ёғингарчилик кузатилиши хабар қилинди. Қайд этилишича, шу кунлари ҳудудда вақти-вақти билан кучли ёғингарчилик, туман тушиши кузатилади. Кўрувчанлик 50 метргача пасайиши, шамол тезлиги 20—23 метр/секундгача кучайиши, йўлларда қор уюмлари юзага келиши мумкин бўлади.
Республика Гидрометеорология марказининг 15 март, сешанба куни учун об-ҳаво прогнозида тоғли ҳудудларда ҳаво ўзгариб туриши, вақти-вақти билан ёғингарчилик (ёмғир, қор) кузатилиши, момақалдироқ бўлиши айтилганди.
Эслатиб ўтамиз, 12 март куни Қамчиқ довонидаги икки туннел орасида жойлашган ҳудудда бир кеча-кундузда жуда кўп ёғингарчиликдан ҳосил бўлган сув оқими автомобиль йўлининг остки қисмини ўпириб туширган. Шунингдек, Тахтақорача довонида 13 март куни кучли ёмғир ёғиши оқибатида М-39 автомобиль йўлининг 1138–1141-километрида қисман ўпирилиш юзага келиб, транспорт воситаларининг ҳаракати вақтинча чекланган.
Изоҳ (0)