«Укрэнерго» мутахассислари Россия қўшинлари томонидан урушнинг биринчи кунида эгаллаган Чернобиль АЭСда таъмирлаш ишларини якунлаб, электр таъминотини қайта тиклади. Бу ҳақда Украинанинг «Энергоатом» давлат корхонаси хабар берди.
«Украиналик энергетикларимиз ўз ҳаёти ва соғлиғини хавф остига қўйиб, бутун Европага таҳдид солган эҳтимолий ядровий ҳалокат хавфининг олдини олишга муваффақ бўлди», — дейди энергетика вазири Герман Галушенко.
9 март куни «Укрэнерго» Чернобиль АЭС электр узатиш линияларидаги авария туфайли тўлиқ қувватсизлангани тўғрисида хабар берганди. Компаниядагилар дизель генераторлардаги электр энергияси икки суткага етишини, бироқ уруш туфайли таъмирлаш ишларини амалга ошириб бўлмаслиги ҳақида айтганди.
Россия мазкур ҳолатда Украина томонини айблаган. Уларнинг сўзларига кўра, АЭС «украиналик миллатчилар» электр линияларига ўқ узганидан сўнг атом электр станцияси электрсиз қолган. 10 март куни Россия томони Чернобиль АЭСга Беларусдан электр энергияси етказиб берилишини таъминлаганини, шунингдек, Украина таъмирлаш гуруҳининг шикастланган электр тармоғига ўтишига розилик берганини маълум қилганди.
9 март куни МАГАТЭ Украина ташкилотга мурожаат қилиб, Чернобиль АЭСда кадрлар алмашинувини таъминлаш бўйича ёрдам сўраганини маълум қилди. Чунки уруш бошланганидан бери у ерда 210 кишидан иборат смена узлуксиз ишламоқда ва улар билан алоқа фақатгина электрон почта орқали сақланиб қолган. МАГАТЭ Чернобиль АЭС хавфсизлик мониторинг тизимидан маълумотларни бошқа олмаяпти.
Изоҳ (0)