Шавкат Мирзиёев раислигида 11 март куни видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда. Президент матбуот котиби Шерзод Асадовнинг маълум қилишича, унда саноат кооперациясини ривожлантириш ва ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш чора-тадбирлари муҳокама қилинади.
«Бугунги ўзгарувчан шароитда иқтисодиётимизнинг барқарор ўсишини таъминлашнинг энг самарали йўли — ички имкониятларни ишга солиш, яъни импорт бўлаётган тайёр маҳсулотларни ўзимизда ишлаб чиқариш ва маҳаллий саноатни янада ривожлантиришдан иборат. Бу миллий иқтисодиётимизнинг устувор йўналиши бўлиши керак. Буни ўйламаган, атрофдаги вазиятдан бехабар, сиёсатни тушунмайдиган ҳоким ёки тармоқ раҳбарининг ишлашга ҳаққи йўқ», — деган давлат раҳбари.
Йиғилишда 37 триллион сўмлик янги маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича 2022—2023 йиллар учун 2,5 мингта лойиҳани ишга тушириш бўйича қабул қилинган дастурнинг аниқ ижросини сўраш вақти келгани қайд этилган.
Президент кўп тармоқ ва ҳудуд раҳбарлари бу масалада ҳали дунёқарашини ўзгартирмагани, ҳозирги вазиятдан хулоса чиқармаётганини танқид қилган.
Шавкат Мирзиёев 2021 йилнинг апрелида ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам маҳаллий саноатни ҳақиқатда ривожлантириш масаласига тўхталиб ўтиб, бу борада мутлақо янги «вертикал» тизим жорий этилишини айтганди.
«Бугунги кунгача бирорта туман, шаҳар ёки вилоят раҳбари маҳаллий саноат салоҳияти ва ундан фойдаланишни чуқур ва пухта ўйлаб кўргани йўқ. Ҳудудга нима четдан олиб келиняпти? Нимани ўзида ишлаб чиқариш мумкин? Бунинг учун нима қилиш керак, деган саволлар ҳокимларни ҳар куни қийнаши керак», — деган эди президент.
Изоҳ (0)