Тошкент вилоятида тожикистонлик наркокурьернинг 9 килодан ортиқ гиёҳванд моддасини ҳақ эвазига сотиб бермоқчи бўлган икки киши ушланди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Маълум қилинишича, ДХХнинг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан вилоят божхона бошқармаси билан ҳамкорликда Зангиота тумани ҳудудида ўтказилган тезкор тадбирда Самарқанд вилоятининг Ургут туманида яшовчи икки фуқаро (1990 йилда туғилган) 9,1 килограмм опий гиёҳванд моддасини 54 минг долларга сотаётган вақтида ушланган.
Аниқланишича, улар муқаддам тожикистонлик наркокурьер томонидан контрабанда йўли билан Ургут тумани ҳудудига ўтказилиб, хуфиёна жойга яшириб қўйилган ушбу гиёҳванд моддани харидорга бериб, ундан олинган пулни тожикистонлик наркосавдогарга етказиб беришлари эвазига 2700 доллар олишлари керак бўлган.
Тошкент вилоятида кузатилган яна бир ҳолатда эса «Трамадол» психотроп дори воситасининг Қозоғистондан олиб келинган катта миқдордаги партияси савдосига чек қўйилган.
Хусусан, Зангиота туманида яшовчи фуқаро (1985 йилда туғилган) 19 360 дона «Трамадол»ни сотмоқчи бўлганида ушланган. Унинг ёнида қўшимча 40 дона ҳамда яшаш манзилида эса 20 250 дона шундай таблеткалар борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинган. Бундан ташқари, унинг жиноий шериги, муқаддам судланган фуқаро (1980 йилда туғилган) ҳам қўлга олинган.
Тезкор тадбир давомида олиб қўйилган жами 39 650 дона «Трамадол» дори воситасининг умумий қиймати 800 миллион сўмни ташкил этади.
Изоҳ (0)