Россиянинг Ветеринария ва фитосанитария бўйича федерал хизмати («Росселхознадзор») 5 мартдан бошлаб Ўзбекистондан Россияга помидор ва қалампир импорт қилишга қўйилган барча вақтинчалик чекловларни бекор қилди. Бу ҳақда «Росселхознадзор» матбуот хизмати хабар берди.
Расмий маълумотларга кўра, ишлаб чиқариш корхоналарига қўйилган чекловлар ҳисобга олинмаган ҳолда, Россияга тўққиз мамлакатдан сабзавот маҳсулотларини олиб киришга илгари киритилган чекловлар бекор қилинмоқда. Хусусан, Россия Ўзбекистондан помидор ва қалампирни етказиб беришга қўйилган барча чекловларни олиб ташлади.
Шунингдек, Россия Озарбайжон, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Туркиядан ҳам помидор ҳамда қалампирларнинг, Мисрдан эса картошканинг олиб кирилишига қўйилган чекловларни бекор қилган.
Маълум қилинишича, қарор ушбу мамлакатларнинг карантини ва ўсимликларни муҳофаза қилиш миллий ташкилотлари томонидан тақдим этилган ҳудудийлаштириш, шунингдек, Россия ва ЕОИИга аъзо давлатларнинг фитосанитария талаблари бузилишининг олдини олиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисидаги маълумотлари таҳлили асосида қабул қилинган.
Эслатиб ўтамиз, жигарранг бужмайиш вируси аниқлангани сабабли «Росселхознадзор» 2020 йил 26 ноябрдан бошлаб Фарғона вилоятидан Россияга помидор ва қалампир олиб киришни тақиқлаган эди. Кейинроқ қуритилган ўрик партиясида ҳам хавфли зараркунанда (капр қўнғизи) аниқлангач, «Росселхознадзор» Фарғонадан барча турдаги ўсимлик маҳсулотлари импортини тақиқлади. Россия томони шу каби тақиқларни Навоий ва Қашқадарё вилоятида етиштирилган маҳсулотларга ҳам жорий этган.
Россия 2021 йил апрель ойидагина Ўзбекистондаги 17 та корхонадан помидор ва қалампир олиб кирилишига рухсат берганди. Июлда эса мамлакат Тошкент ва Бухоро вилоятларидан импорт қилинадиган помидор ва қалампирга тақиқ қўйган эди.
Изоҳ (0)