Шавкат Мирзиёев раислигида 1 март куни хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизимини янги босқичга кўтариш ва аёлларнинг жамиятдаги ўрнини янада юксалтириш ва мустаҳкамлаш юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Унда Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитасига раҳбар тайинланди.
Қайд этилишича, президент хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш соҳасининг янги тизимини белгилаб берган.
«Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида ҳам аёлларга муносиб шароит яратиш, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш масаласини энг муҳим йўналишлардан бири сифатида бежизга белгиламадик. Ушбу муҳим вазифалар ижросини тизимли тарзда ҳар бир маҳалла кесимида амалга оширишни таъминлаш мақсадида бугун Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитасини ташкил этиш бўйича фармонни имзоладим. Қўмита раҳбари лавозимига аёлларнинг муаммолари, дард- у ташвиши билан яқиндан таниш ва уларни ҳал қилиш бўйича катта тажрибага эга бўлган Тўрақўрғон тумани ҳокими Зулайҳо Бахриддиновна Маҳкамова тайинланди», — дейди президент.
Янги қўмита раиси Маҳкамова Бош вазир ўринбосари ва Сенат аъзоси сифатида фаолият юритади. Жойларда қўмитанинг вилоят, туман ва шаҳар раҳбарлари эса ҳоким ўринбосари бўлади. Янги қўмита Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳамда «Аёллар дафтари» жамғармасини ўзи бошқаради.
Изоҳ (0)