УЕФА 25 февраль куни Украина ва Россия ўртасидаги уруш туфайли Ижроқўмнинг навбатдан ташқари мажлисини ўтказади. Бу ҳақида ташкилот ўз Twitter саҳифасида маълум қилди.
Мажлис Тошкент вақти билан 14:00 да бошланади. «Ижроия қўмитаси аъзолари вазиятни баҳолайди ва барча зарур қарорларни қабул қилади», — дейилади баёнотда.
Associated Press’нинг хабар қилишича, УЕФА Чемпионлар Лигаси 2021/22 йилги мавсуми финалини Санкт-Петербургдан олиб қўйиш қарорига келган ва бу ҳақда 25 февраль кунги мажлисда эълон қилади.
ESPN хабарига кўра, УЕФА финали мезбонлигини Рим, Мюнхен, Париж, Амстердам ёки Барселона шаҳарларидан бирига бериши мумкин.
Аввалроқ Европарламент депутатлари УЕФАни Санкт-Петербургда бўлиб ўтиши режалаштирилган Чемпионлар Лигаси финалини Россиядан олиб қўйишга чақирганди. Айрим сиёсатчилар эса россияликларни, хусусан, россиялик спортчиларни визадан маҳрум қилиш кераклигини айтмоқда.
Чемпионлар Лигаси финали 28 май куни «Гаспром Арена»да бўлиб ўтиши режалаштирилганди.
24 февраль куни Путин Донбассда «махсус ҳарбий операция» бошланганини эълон қилди. Айни вақтда Украинанинг қатор ҳудудларида ҳарбий ҳаракатлар давом этмоқда.
Изоҳ (0)