Италиянинг Сицилия оролидаги Этна вулқони яна отилди. Вулқон ҳудуди авиация учун қизил даражадаги хавф деб белгиланди. Бу ҳақда The Watchers хабар берди.
Этна вулқони 21 февраль куни отилишни бошлаган. Шу тариқа 2022 йилда вулқоннинг фаоллиги иккинчи марта кескин ортмоқда.
Дастлаб вулқон кул булутини улоқтириб, сўнг унинг фаоллиги кучайди. Лава фавворалари ва кул булути денгиз сатҳидан тахминан 10 километр баландликка отилган.
Оролдаги вулқон 11 февраль куни ҳам фаоллашиб, лава отилган эди.
Этна — Европадаги энг йирик уйғоқ вулқон бўлиб, сўнгги йилларда у бир неча ойда бир марта отилмоқда. Одатда вулқон отилишлари ҳеч қандай вайронагарчиликларга олиб келмайди. Этна вулқони қияликларида кўплаб кратерлар жойлашган, улар орасида уйғоқ ва фаоллари ҳам бор. Этна вулқонининг кучли отилиши сўнгги марта 2019 йил июлида юз берган ва ўн кундан ортиқ давом этган эди.
Изоҳ (0)