Бундан қарийб икки йилча аввал пойтахтнинг Чилонзор тумани деворларида Inkuzart тахаллуси остидаги рассомнинг стрит-артлари пайдо бўла бошлади. Дастлабки ижоди карантин ва коронавирус билан машҳур бу рассом кейинчалик танқидий мавзуларга ҳам қўл урди.
UzAuto Motors монополияси, бензин нархининг кўтарилишига қарши чизган ишлари ўчириб ташланиб, жамоатчиликнинг муҳокамасига сабаб бўлди. «Дарё» тунда чизиши, ўзини кўрсатмасдан сирлилигича қолиши билан одамларда қизиқиш уйғотган Inkuzart ва унинг ишлари ҳақида ҳикоя қилади.
Абдураҳмон, аммо Умаров эмас…
Чилонзорлик, 33 ёш ва қурилиш соҳасида ишлашигина маълум бўлган Inkuzart оила қурмагани, боболари Эски шаҳарнинг Хадра майдонидан бўлиб, дадаси Чилонзорга кўчиб келгач, шу ерда яшашни бошлашгани, 2014—2015 йилларда Россияда архитекторлик қилгани, айни дамда Тошкентдаги биз биладиган, аммо қайсилигини айтмайдиган қурилиш компаниясида муҳандис-геодезист сифатида ишлаб келаётганини очиқлади.Одамлар унинг исмини ҳам билмас, тахаллуси билан Inkuzart, қиёсан «Чилонзор Бэнксиси» деб аташарди. Бир интервьюсидан кейин Абдураҳмонлиги маълум бўлди-ю, хабарларда Умаров фамилияси билан чиқа бошлади.
Хўш, аввалбошдан шахсини ошкор қилмаган Inkuzart’нинг исм-фамилиясини айтишдан мақсади не эди? Бу билан унинг сирлилигига путур етмадими?
«Исмим Абдураҳмонлиги рост, фамилия эса меники эмас. Стрит-артга кириб келишимга дўстим ва синглим туртки бўлган. Дўстим билан адашмиз. У ҳам Абдураҳмон, фамилияси эса Умаров. Илк стрит-артимни чизишга ҳам бирга чиққанмиз. У Facebook’даги «X-places.uz», «Чилонзор» гуруҳларида менинг ишларимни қўйиб юрган эди.
Абдураҳмон Умаров профилидан Inkuzart’нинг видеолари кетма-кет жойланавергач, исмим Абдураҳмонлигини билган оммавий ахборот воситалари уни мен деб ўйлаб хабарларида Умаров фамилияси билан бера бошлашган. Шундан кейин Instagram’имдан кўплар мени танишлари, ўқиш ёки иш жойимни билишлари ҳақида ёзишди.
Ваҳоланки, улар назарда тутган барча маълумотлар дўстимга тааллуқли эди. Агар менда шахсимни танитиш нияти бўлганда ўзимни кўрсатмаслик учун шунча пайтдан бери ҳаракат қилиб юрмас ҳам эдим. Бу ижодимдаги шахсимни сир сақлаш принципимга таъсир қилмади. Қайтанга бошқа ном билан аташларидан хурсандман, — дея жавоб берди у.
Стрит-арт (street аrt) — «кўча санъати» деган маънони англатади. Деворий расмлар, жамоат жойлари ва бошқа турли хил объектлардаги тасвирлар, граффити, кўча инсталляциялари, стикерлар, постерлар ва ҳоказоларни ўз ичига олади.
«Юзимни очишларидан қўрқмайман. Аммо кимлигимни билишса, ишимнинг мазасини йўқотаман»
Мени биладиганлар етарли. Яқин дўстларим, ота-онам ва бошқа танишлар. Мақсадим — Ўзбекистондаги асосий халқ билмаслиги. Юзимни кимдир очишидан қўрқмайман. Лекин мени кўришса, кимлигимни билишса, ишимнинг мазасини йўқотиб қўяман. Стрит-артларим таниқли бўлганда роҳатлансам, уларни ким чизганини одамлар билмаслиги бу туйғуни каррасига оширади.Қолаверса, ўзим эмас, ижодим асосий бўғинга чиқишини хоҳлайман. Қачонки, ижодкорнинг шахси ижодидан устун қўйилса, у ўлган кун, ижоди ҳам йўқ бўлади. Мен эса буни хоҳламайман. Ўйлайманки, юзимни очиш кимгадир қизиқ эмас. Бундан биров манфаатдор ҳам бўлмайди. Мен шунчаки ижодкорман. Чекимга тушган вазифани бажаришда давом этаман.
Илк стрит-артнинг чизилиш хотиралари: «Карантин чўққига чиққан, кўчада юриш ҳам мумкин бўлмаган пайт. Ярим тун…»
2020 йил май ойининг бошида Inkuzart дастлабки стрит-артини чизди. Унда бири бошқасига ниқоб тутиб турган қўллар тасвирланади. У илк стрит-артини чизган кунни шундай эслайди:«Карантин чўққига чиққан давр эди. Одамларнинг кўчага чиқиши тақиқланган бир пайтда адреналинга бойиб чизганман. Эскиз тайёр бўлгач, деворга чизмоқчилигимни дўстимга айтдим. У бўёқларни олиб берадиган бўлди. Карантин сабаб ишсиз қолганим учун ўзимнинг пулим камлик қилганди. Чизишга ҳам бирга чиқдик.
Жараённи телефон камерасида видеога оламиз дебмиз-у, штативни унутибмиз. Бир ердан 20 литрли баклажкани топдик. Телефонни селфи таёқчага жойлаштириб, уни баклажкага тиқдик. Соат 00:00. Милиция келиб қолмасин деб атрофга қараб-қараб қўямиз. Биринчи марта бундай иш қилишимиз эмасми, хавотир-у қўрқув бутун танамизни эгаллаб олганди. Тонг ёришгунча тугатиб, уйга қайтдик.
https://www.instagram.com/p/B_w4qXpJuLS/
Ҳаяжон ўша ерда қолиб кетмади. Ҳалигача, ҳар стрит-артимни чизаётганимда қанчалик омадли чиқаркан, бузиб қўймасмиканман деб ўйлайман. Ўхшамаса-ю ўчириб ташласам, кўрганлар Inkuzart чизганини ўчириб ташлабди дейишларидан қўрқаман. Уларни бутун халқ кўриши кўз олдимга келганда масъулият юки янада ортади. Ҳатто кўчада кимдир кўриши-ю, милициянинг келиб қолиши ҳақидаги хавотирлар ҳам тамоман унутилади».
«Тунда чизаётганимни кўриб бефарқ ўтишмайди»
Ярим тундан эрта тонггача, шаҳар уйқуга кетадиган пайтда чизишимга қарамай, йўлдан бир-икки одамлар ўтиб қолади. Шу сабаб кутилмаган вазиятлар ҳам бўлиб туради.Қора ниқоб тақиб, бош кийим билан ярим тунда деворга чизаётган шахс камида атрофдагиларнинг шубҳа билан қараши, кўпида эса милиция ё Миллий гвардия ходимларининг сўроққа тутишига сабаб бўлиши мумкин. Буни табиий қабул қиламан.
Одамларнинг бефарқ эмаслиги, орган ходимлари томонидан эса шаҳарнинг тунда ҳам яхши қўриқланишидан дарак беради. Аммо ўша вазиятда ишимни тезроқ, муаммосиз битириб кетиш учун уларга етарлича жавоб қайтара олишим зарур.
Баъзан қўполлик билан «Сен бу ерда чизиш учун рухсат олганмисан ё милицияга телефон қилиб юборайми?», — деб сўрашади. Рухсат олганман, билганингни қил, дейман. Индамай кетишади. Ҳамманинг саломига яраша алик оламан.
Чизиб турсам, «О! Inkuzart’мисиз?» деб, хурсанд бўлиб, расмга тушиш таклифини берадиганлар ҳам учрайди. Узр сўраб, тушолмаслигимни билдираман.
Халқимизни яхши кўраман. Шунчалик самимий, бағрикенгки, ёнимга ичимликлар, егуликлар қўйиб, индамасдан кетишади. Буларга эҳтиёжим йўқ бўлса-да, кўнглимга олмайман.
Санъатга ҳурмат сифатида қабул қиламан. Ҳатто Чилонзорни чиройли қиляпсан, шу ерлик эканлигингдан хурсандмиз, чой олиб ичарсан деб пул ҳам бермоқчи бўлишади. Уларга бунинг шунчаки машғулот экани, даромад топадиган ишим борлиги, эътиборларидан хурсандлигимни билдириб пулларини қайтараман.
Милиция келса, ёмон нарса чизмаётганимни тушунтираман. Эскизни кўрсатаман. Одатда муаммосиз муросага келамиз. Аксари санъатни хуш кўрувчилар бўладими, омад тилаб кетишади.
«Буюртмага стрит-арт чизмайман»
Ҳеч қачон стрит-артларни буюртмага чизмайман. Бунақа таклиф билан кўп ёзишади. Янги иш чиздимми, мессенжерим тўлиб кетади. Авваллари узр сўраб, буюртмага ишламаслигимни ёзардим. Ҳозир эса тинчгина бундай хабарларни ўчириб ташлайдиган бўлганман.Таклифларнинг деярли ҳаммаси рекламага алоқадор бўлади. Офиси ёки уйи, ҳатто кўчадаги бировнинг деворларида ҳам чизишимни, яхшигина пул беришларини билдиришади. Масалан, бир сут маҳсулоти ва энергетик ичимлик рекламаси учун 10—15 минг доллар таклиф қилишган.
Сигирнинг расмини чизиб, остига Inkuzart белгисини қўйиш қийин эмас. Аммо бу ижодимга путур етказади. Мен ижтимоий стрит-арт рассомиман. Мақсадим пул эмас. Сал бўлса ҳам санъатга ҳисса қўшиш, ўзимнинг севимли ишимни қилиш. Агар ижтимоий мавзуларда чизишимни таклиф қилишса ҳам сўзсиз рад этардим. Бировнинг ғоясини чизиб, ўзимники қилиб кўрсатишга виждоним йўл бермайди.
https://www.instagram.com/p/CWKkOOrAJEU/
«Эҳтимол, аввал Ўзбекистонда стрит-арт рассоми бўлмагани учун танилиб кетгандирман…»
Илк стрит-артимни чизган кундан кўп ўтмай ўртоғим Inkuzart тахаллусидаги рассом фалон стрит-артни чизибди мазмунидаги хабарларни жўнатди. Ҳаяжонланиб кетдим. ОАВда тарқалиш хаёлимнинг бир чеккасига ҳам келмаганди. Чизганларим икки-уч кун туради-ю, бирор санъатни тушунмайдиган безори ўчириб ташлайди деб ўйлардим.Ўзбекистонда ижтимоий стрит-артлар йўқлигини билмасдим ҳам. Эҳтимол, биринчиси бўлганим учун ҳам танилдим, ишларим кўтарилиб кетди. Юзимни кўрсатмасдан чизаверганимдан кейин «Чилонзор Бэнксиси» деб аташди. Биринчи марта ўқиганимда дўстимга Бэнкси ким ёки нима деб савол берганман. Бирор рассом бўлса керак, деб тахмин қилганди.
Интернетдан изласам, англиялик рассом бўлиб, юзини кўрсатмасдан стрит-арт чизаркан. Ишлари жудаям ёқди. Айниқса, трафаретда қилиб, балончикда сепиб кетиши ёқди. Бу кўп вақтни олмайди. Стрит-артда тезлик жуда муҳим. Шундай қилиб, ижодимнинг кенг омма томонидан бу кўринишда кутиб олиниши уни давом эттиришга ундади.
«Иш ва ижод. Бири бошқасига халал бермайди»
Стрит-арт чизган кунларим ишимдан бемалол кета оламан. Рухсат олишим ҳам шартмас. Раҳбарларим ишонади, эътироз ҳам билдирмайди. Билишадики, вазифамни пухта қиламан. Аслида геодезистнинг иши бинолар координаталарини бериши билан тугайди. Кун давомида қатъий режимда ишхонада бўлиши ҳам шарт эмас.Стрит-арт чизиш пайтимни камида икки кун офисга бормаслигим мумкин бўлган вақтга мўлжаллайман. Одатда эрталабки тўрт-бешларгача чизадиган бўлсам, уйга келиб телефонда видеони монтаж қиламан-у, соатни 09:00 га будилникка қўяман. Уйғонгач, ишимга ном бериб, ижтимоий тармоқларга жойлайман ва яна ухлайман.
Беш соатлардан кейин туриб қарасам, бу ҳақда хабарлар ёзилган, одамлар лайк босиб, турли-туман изоҳлар қолдирган бўлади. Кейин офисга бориб, вазифамни билиб-билиб қилавераман. Ишхонамда ижодим учун вақт топилади. Айнан шунинг учун ҳам шу жойни танлаганман.
«Ижодимни таҳлил қилишади-ю, ёнларида ўзим турганлигимни билишмайди»
Кимлигимни яшириш одамлар орасига кириб ўзим ҳақимдаги ҳақиқий фикрларни эшитиш имконини беради. Рассомчиликка алоқадор, ижодим таҳлил қилиниши мумкин бўлган тадбирларда иштирок этишга ҳаракат қиламан. Одамлар стрит-артларимни кўришга боради. Авваллари вафот этган рассомларнинг ижоди, қайсидир эски биноларга экскурсия қилинишини эшитардим.Шахсимни билмасдан ижодимнинг шу даражада ҳурматланиши тилда айтиб бўлмас ҳиссиётни беради. Уларнинг бирортасини олдиндан билиб қолсам, кўринишимни одамларга қўшилиб оламан ёки ёнидан худди ўткинчи йўловчидек ўтиб кетаман. Кўринишимни эса Inkuzart эканлигим мутлақо тасаввур қилиб бўлмас даражада ўзгартириб оламан. 20–30 кишининг ижодим ҳақидаги фикрини эшитиш яна чизишга ундайди.
«Ўзим ҳақимдаги фильм намойишида одамларга қўшилиб қарсак чалиб юбордим»
Роликнинг суратга олиниши тасодиф бўлмади. Режиссёри Умид Ҳамдамов билан Абдулла Қодирий стрит-артини чизаётганимда танишиб қолганмиз. Чамаси, кечки соат бирларда чизишни бошладим. Бир одам келди-да, қараб турди.Машҳур режиссёр бўлишларига қарамай уларни билмас эканман. Ўзларини таништирди. Қодирий ҳақида фильм олаётганларини айтиб, менга саволлар берди. Баъзи жойларни чизишда ёрдамлашди ҳам. Шу билан танишга айланиб қолдик.
Орадан анча вақт ўтди, улар қўнғироқ қилиб, Ёшлар форумига учта қаҳрамон ҳақида видеоролик қилишлари кераклиги ва бирига номзод сифатида мени танлаганликларини айтиб қолди. Ижтимоий видеоролик бўлгани учун рози бўлдим.
Ролик намойишида ҳам Конгресс-ҳоллдаги юзлаб одамлар орасида эдим. Катта экранда кўриниш бошқача бўларкан. Охирида «вау» деб ҳамма қарсак чалиб юборди.
Ўзим ҳам беихтиёр уларга қўшилдим. Орқа-ю, ёнимдан «Мен буни танийман. Inkuzart’ни биласанми, мана буни чизган, зўр чизади» деган таърифларни эшитиб турибман. Бу тарзда кутиб олинишни тасаввур ҳам қилмагандим.
Суратга олиш жараёни уч кунга яқин давом этган бўлса, уларнинг ҳеч бири юзимни кўрмади. Умид ака «Гапираётган ҳолатингизни олайлик. Фақат лабларингиз қимирлаётгани кўринади, холос. Зўр эффект бўлади», — деб кўндиришга уринди. Рози бўлмадим. Бунинг учун ниқобимни ечишимга тўғри келар, гарчи оммага монтаж қилинган ҳолда фақат лабларим кўрсатилса-да, мени камерадагилар, жамоа кўриб қоларди.
«Танқидий мавзуларим ҳам, менга бўладиган таҳдидлар ҳам хавотирли эмас»
Таҳдидлар фақат Instagram’дан келиб туради. Кимлигимни билишмаганидан, юзма-юз, очиқчасига қилишолмайди. Умуман олганда, танқидий мавзуларим ҳам менга бўладиган таҳдидлар ҳам ҳавотирланарли эмас. Танқиддан ёмонликни кўзламайман-ку. Шу юртнинг фарзанди сифатида камчиликларга кўзгу тутишни бурчим деб биламан.Қолаверса, ижодим фақат танқиддан иборат эмас. Миллий ғурур, мотивация, аждодларимизни танитиш, урушга қарши руҳдаги мавзулар Inkuzart’нинг ижодида етакчи бўлиб қолаверади. Бироз юмор ва танқид бўлмаган санъат эса гуркирамайди.
Чизган стрит-артларимнинг маъносидан ҳеч қачон афсусланмаганман. Аммо чизилиши ёқмаслиги мумкин. Эринчоқлик қилдим, бунақа қилсам бўларди деб кўп ўйлайман. Ишларимда маъно ва чизилиш сифатини ушлашга имкон қадар ҳаракат қиламан.
Нега айнан Inkuzart ва ёруғликка интилаётган тунги капалак?
«Ink» — сиёҳ, «uz» — Ўзбекистон ва «аrt» — санъат. Ўзбекистондаги сиёҳ санъати. Inkuzart’дан аввал «Blackrainbow» (қора камалак) тахаллуси билан фақат қоғозда, қора рангда расмлар чизардим. Ўшанга монанд номлаганман. Капалак эса рамзий. Капалак тунда учиб ёруғликка интилмоқда. Мен ҳам тунда девор қоралайман. Стрит-арт эса нур каби ҳақиқат.«Стрит-артларимни ўчирадиганларга ачинаман»
Стрит-артларнинг ўчирилиши — ёқимсиз. Аммо максимал даражада совуққонлик билан қарашга ҳаракат қиламан. Танқидий ишларимнинг эса тез орада ўчириб ташланишига тайёр туриб чизаман. Айрим стрит-артларимда ҳеч бир танқид ифодаланмаган бўлса ҳам ўчиришади. Улардан хафа бўлмайман, ачинаман, холос. Бундайлар санъатни тушунмайди.Inkuzart’нинг барча ишлари харитаси
Маълумот учун:Inkuzart бугунга қадар 26 та стрит-арт чизган бўлиб, уларнинг ўн биттаси ўчиб кетган. Ўзининг айтишича, сабаблар қуйидагича бўлиши мумкин: Ниқоб таққан Мона Лизани деворни таъмирлаш учун, бири бошқасига ниқоб тутиб турган қўлларни шунчаки ёқмаганидан, коронавирусни пушти рангга бўяётган болаларни гаражни бузишга тўғри келганидан, «Каронабол»ни деворнинг устини ёпиш учун, кўз ичидаги аждодларни уялганликларидан, UzAuto Motors монополияси ва бензин нархи кўтарилишига қарши чизилган стрит-артлар танқидий руҳда бўлгани учун ўчиришган.
Шунингдек, унинг Қорбобо, Эйнштейн, одам савдосига қарши чизилган — «I’m not for sale», жамиятдаги муаммолар: «тонировка», Apple ёки Android, 30 кишилик тўй… каби стрит-артлари ҳам бугун мавжуд эмас.
«Дарё» сирли рассомнинг икки йилга яқин пайтда чизган барча ишларини вақт кетма-кетликда бир саҳифага жамлади
2020 йил май ойининг бошида Чилонзор тумани, 1-даҳа, Лабиҳовуз кўчаси, Халқ банкининг ёнидаги боғча деворида бири бошқасига ниқоб тутиб турган қўл тасвири пайдо бўлди. Абдураҳмон 4 майда Instagram саҳифасида бунга «Ўзингиз ва бир-бирингизни асранг», — деб изоҳ қолдирган. Айтишича, унда Худонинг Одам Атога ниқоб тутиб турганига ишора қилган. Вақт ўтиб стрит-арт тасвирланган деворга тушунарсиз ёзувлар пайдо бўлади.«Одамлар шунча девор турганда айнан санъатнинг устига чизиб, реклама қоғозларини ёпиштиради. Кир бўлиши, бузилиб кетиши ҳақида ўйлашмайди ҳам. Эҳтимол, уларда ҳиссиёт бўлмас. Балки, стрит-артининг тақдири шудир. Ушбу стрит-артимдаги турли ҳарфлар шунчаки ёзув эмас, гиёҳванд моддалар олди-сотдисига алоқадор Чилонзорда кенг тарқалган машҳур Telegram-бот ҳаволаси экан.
Ёзувни ўзим ўчириб ташлагандим. Шундан бери нимадир чизиб ёки ёпиштириб кетишган бўлса, олиб ташлаш учун стрит-артларимнинг ёнига тез-тез бориб тураман», — дейди рассомнинг ўзи.
Inkuzart орадан кўп ўтмай худди шу болалар боғчасининг бошқа деворида ниқоб тақиб турган Мона Лизанинг тасвирини чизди. Деворнинг бир тарафида «No mask — no photo with me» (ниқобингиз бўлмаса, мен билан расмга тушманг) ёзувни ҳам кўриш мумкин.
2020 йилнинг 11 май куни Instagram саҳифасида «Мона Лизанинг фикрига кўра, Тошкентда карантин чекловлари тўғри ўрнатилган. Мона Лиза сиз учун Луврдан чиқди, сиз эса уйда қолинг» чорлови билан граффитининг чизилиш жараёнидаги видеотасвирларни улашади.
Кўча рассомининг навбатдаги асарлари ҳам бевосита коронавирус ва карантин билан боғлиқлигича давом этди. Чилонзор тумани 1-даҳасидаги қурилиши тугалланмаган уйлардан бирининг деворига очиқ турган кўз ва унинг ичида ўпка вентиляцияси ниқобини ушлаб турган скафандрдаги шифокорни тасвирлади. 2020 йил 17 май куни Instagram саҳифасида стрит-артнинг чизилиш жараёнидаги видео ва суратларни жойлаб, унга «Умид кўзи» деб ном беради.
«Бу оддий кўз эмас, коронавирусга чалинган одамники. Шифокор беморга маска тақяпти. Касалнинг кўзига шифокор акси тушиб, гўё ҳаётини сақлаб қолган фариштадек кўринмоқда. Бу орқали шифокорларга бўлган ҳурматни ифодаламоқчи бўлганман», — дея тасвирни изоҳлайди рассом.
Кейинги стрит-арт эса ана шу скафандрдаги шифокорнинг яққол кўриниб турган ва қанотли варианти бўлди.
2020 йил майининг охири. Абдураҳмон Чилонзор тумани 2-даҳа, 34-поликлиника деворида ярим ой қаршисида турган одам тасвирини чизади. 28 май куни унинг чизилиш жараёни акс этган видео ва суратларни ижтимоий тармоқларда қўйиб, «Ойнинг ўн беши ёруғ, ўн беши қоронғи бўлганидек бу кунлар ҳам ўтади-кетади» дея изоҳ қолдиради. Айтишича, бу билан карантин даврига ишора қилган ва тасвирдаги одам айнан унинг ўзи.
Халқаро болалар кунига атаб Чилонзор туманидаги 2-даҳа 26-уй деворига коронавирус устини пушти рангга бўяётган болалар тасвирини чизади. 2020 йил 1 июнда Instagram саҳифасида «Фарзандларимиз — бизнинг келажагимиз. Албатта, вирусларсиз келажагимиз», деган изоҳ билан стрит-артнинг чизилиш жараёнини жойлайди.
«Ўша йилги болалар байрами пандемияга тўғри келиб қолди. Одамлар байрамлигини ҳам унутиб, фақат неча киши касаллангани-ю, ўлгани ҳақида гаплашарди. Коронавирусни пушти рангга бўяётган болалар худди бу бизнинг кунимиз, бу кунда коронавирус ҳақида гаплашилмасин. Коронавирус, кет деган маънони англатмоқчи бўляпти», — дея ушбу ишига таъриф беради.
Стрит-артни чизиш учун навбатдаги манзил ҳам, мавзу ҳам бегона эмас. Чилонзор тумани 1-даҳа, Лабиҳовуз кўчасидаги деворларнинг бирида юнон ҳайкалтароши Мироннинг диск улоқтириш мусобақасига тайёр турган «Дискобол»ини тасвирлайди.
Мирон асаридан фарқли равишда ҳайкалнинг қўлида диск эмас, коронавирус заррачасини, оғзида эса ниқобни кўриш мумкин. Улоқтирилаётган коронавирус билан рассом унинг устидан қозонилган ғалабага ишора қилади.
Чилонзорнинг 2-даҳасидаги деворлардан бирида бир томонида осмонга парвоз қилаётган ракета, бошқасида эса «тонировка» ёки чиройли рақам, Apple ёки Android, TikTok, 30 кишилик тўй каби ўйлар хаёлидан ўтаётган одам тасвирланган навбатдаги стрит-артини чизади. Таъкидлашича, бу орқали жамият дунёқарашидаги қусурларни ифодаламоқчи бўлган.
2020 йил 24 июнда «Бугун биз жамиятимизда содир бўлаётган турли воқеа-ҳодисаларни кузатмоқдамиз: маънавий етуклик, моддий бойлик, ҳақиқий билим ва сохта таълимотлар, фикр эркинлиги ва тўлиқ назорат ўртасида тўлиқ қарама-қаршилик бор. Биз аста-секинлик билан вақт ва маконни бўйсундириб, улар орасидаги чегараларни бузиб ўтмоқдамиз.
Инсон ақли ва онги қуёш тизимининг чегараларидан чиқиб кетмоқда. Ракеталар дунёни забт этиб, сунъий интеллект цивилизацияларини ишғол қилмоқда… Лекин тан олиш керак. 100 фоизлик «тонировка» ва чиройли рақамлар, шунингдек, Tik Tok’да янги видеога қўйилган лайклар ва бутун маҳаллага берилган тўй юқорилардагидан ҳам муҳим», — дея ушбу стрит-артни изоҳлайди у.
Бу сафар Чилонзор тумани Гагарин кўчасидаги деворларнинг бирида марҳум актёр Абдурайим Абдуваҳобов ўйнаган «Шум бола» фильмидаги Қоравой тасвирини чизди. 2020 йил 16 июлда стрит-артнинг чизилиш жараёни акс эттирган фото ва видеолар унинг Instagram’ саҳифасидан жой олди.
2020 йил 29 июлда «Жамиятда юз бераётган воқеалар ўз хатти-ҳаракатларимиз ва уларнинг оқибатлари тўғрисида чуқур фикр юритишни тақозо этмоқда», — деган изоҳ билан уйлар деворининг бирида чизилган чуқур ўйга толган одам тасвирини Instagram саҳифасида бўлишди. Айтишича, унда коронавирус авж олиб, карантинда ишсизга айланган ва чорасизликдан нима қилишини билмай қолган одамни тасвирлаган.
2020 йил августи буюк шахслар тасвири билан бошланди. Чилонзор тумани 2-даҳаси 103-мактаб рўпарасида Эйнштейннинг қўл қовуштириб турган ҳолати ва унинг икки тарафида жуда кўплаб формулалари бор стрит-артини чизди. Нега айнан Эйнштейн деган саволимизга «Стрит-арт чизилган деворнинг рўпарасида мактаб бор ва физика хонаси ўша девор тарафда», — деган жавобни олдик. (Айни мақола чиққанидан сўнг рассом Instagram’даги саҳифасида ушбу стрит-арт ҳам ўчирилганини маълум қилди. У жойлаган story’да «Чилонзор ҳокимлигига раҳмат», деб ёзилган).
2020 йил 31 август — Мустақиллик кунига атаб Чилонзор тумани, 5-даҳадаги аквапаркнинг ўнг томонида байроқ тутиб турган Феникс қушини тасвирлаган рассом уни «Янгиланаётган Ўзбекистон» дея номлайди.
Шунингдек, у 2020 йил 15 сентябрда мунгли одам тасвири, 2021 йил 2 январда Қорбобо, 14 февралда эса деворларнинг бирида севишганлар тасвирланган стрит-артларнинг сурат ва чизилиш жараёни видеоларини Instagram саҳифасига жойлаган. «Мунгли одам — ўзим. Чизганимдаги руҳий ҳолатим шундай эди. Ўшандан кейин ҳар ғам-қайғуга тушганимда унинг ёнига бораман», — дея изоҳлайди рассом.
Абдураҳмон Абдулла Қодирийнинг 137 йиллик таваллуди нишонланиши фонида Чилонзор туманидаги Муқимий—Чилонзор кўчалари чорраҳасида жойлашган кўп қаватли уй деворида Қодирийнинг хотирасига бағишланган стрит-артни чизади. Деворий суратда Қодирий ва унинг «Аҳволимиз» номли шеъри акс этган. У 2021 йил 18 апрелда Instagram’ида асарнинг чизилиш жараёни видео ва фотоларини жойлаштирди.
2021 йил 9 май Хотира ва қадрлаш кунига атаб оиласининг бағрига қайтган аскар тасвирланган стрит-артни чизди.
2021 йил 1 июнда Халқаро болалар кунига бағишланган стрит-арт пайдо бўлди. Унда бир йил аввал — 2020 йилдаги Болалар кунида чизилган граффитидан фарқли равишда онасини соғиниб деразага мунгли термулиб турган болакай тасвирини кўриш мумкин. Inkuzart стрит-артга «Соғиндим, онажон» деган ном беради.
Муқимий—Чилонзор кўчалари чорраҳасида жойлашган кўп қаватли уй деворидаги Қодирий стрит-арти ёнидан Чўлпон хотирасига бағишланган граффити жой олди. 2021 йил 19 июнда Inkuzart’нинг Instagram саҳифасига қўйган видеосида деворнинг бир четида «to be continiued» — давоми бор деган ёзувли ёрлиқчани илиб қўйганини кўриш мумкин.
Орадан кўп ўтмай ёзув ўрнида Фитрат хотирасига бағишланган стрит-арт пайдо бўлди ва 2021 йил 27 июнда ушбу жараён видеосини Instagram’ида жойлади.
Inkuzart 2021 йил 8 августда қанотли болакай ва унинг ёнида «I’m not for sale» — мен сотилмайман деб ёзилган стрит-артнинг чизилишини Instagram’ саҳифасида бўлишди. Изоҳлашича, уни одам савдосига қарши чизган.
Чилонзор тумани 2-даҳаси 103-мактаб,Эйнштейн тасвири чизилган деворнинг тепа қисмида Олимпиада ўйинларининг саккиз карра иштирокчиси, Гиннеснинг рекордлар китобидан ўрин олган Оксана Чусовитинанинг Ўзбекистон байроғини кўтариб турган ҳолатини чизди.
Деворда, шунингдек, 1992 ва 2020 рақамларини ҳам кўриш мумкин. Бу спортчининг Олимпиада ўйинларида иштирокини бошлаган ва якунлаган йилларини ифодалайди. 2021 йил 16 августда стрит-артнинг чизилиш жараёни тасвирланган видеони Instagram’ига жойлади.
Суҳбатимиз давомида рассом бу стрит-артни чизишда жуда қийналганини айтди: «Стрит-арт рамзий маънога эга. Ўша йилги Олимпиадада спортчига Ўзбекистон байроғи берилмаганди. Шунинг учун айнан қўлида байроқ ҳолида тасвирлаганман. Қўшним Акбар билан чизишга чиққандик. Уни Эйнштейнни чизган жойимнинг тепасида бўлишини режалагандим.
Қўлимда стул билан томга чиқдим. Том омонат экан, қимирлаганидан стулнинг устига чиқиб бўлмади. Уйга қайтиб маҳалладан очиладиган нарвон олиб келдик. У ҳам томда ўзи туролмайди. Акбар эрталабгача қимирламай ушлаб турганди. Совқотиб, қорнимиз очиб, амаллаганмиз.
Эртасига Чусовитинанинг ўзи келиб, ўша ерга эринмасдан чиқиб, расмга тушиб, миннатдорчилигини билдирганида ҳаммаси унут бўлиб кетди. Шахсан ўзи келишини кутмагандим».
2021 йил 4 сентябрь. Айнан шу кундан бошлаб у чиза бошлаган айрим стрит-арт намуналарини ўчирилиши, оммавий муҳокамаларга сабаб бўла бошлади. Собиқ АҚШ элчихонаси, Чилонзор савдо маркази яқинидаги уйлардан бирининг деворига Ўзбекистон автосалонларида машина харид қилиш учун юзага келаётган узундан узоқ навбат, навбат бошида эса қизил бош кийимли одам орқали «шапка» тизимига ишоралар билан UzAuto Motors компаниясининг монополияси тасвирини чизди.
Бир кундан кейин 5 сентябрда Абдураҳмон ўзининг Telegram каналида ушбу деворий суратнинг номаълум одамлар томонидан ўчириб ташланаётгани акс этган видеони эълон қилди. Дастлабки уринишлар самарасиз тугади, аммо кейинчалик стрит-артнинг катта қисми бўяб ташланди.
Inkuzart’нинг ижодида кўз тасвири алоҳида ўрин эгаллайди. Деворда чизилган навбатдаги стрит-артда ҳам кўз ва унинг ичида акс этган аждодларимизни кўриш мумкин.
«Бизнинг томирларимизда буюк ота-боболаримиз қони оқмоқда. Ўзбек халқи ўз тарихи билан фахрланади, бироқ қачонгача? Ҳозирги авлоддан ҳам буюк инсонлар чиқишини ва улар билан фахрланишни хоҳлайман. Токи бизнинг келажак авлод биздан фахрлансин», — дея 2021 йил 14 октябрда Instagram’ саҳифаси орқали ижодкор ушбу стрит-артга изоҳ қолдиради.
Нега кўзга кўп урғу берасиз деганимизда, «Кўз ажойиб нарса. Аллоҳнинг бу неъмати эътиборсиз одамни ҳам ўзига тортади. Бу ерда эса аҳволимизга кўзгу бўлсин деб чизганман», — дея жавоб қайтарди рассом.
Шунингдек, у 2021 йил 24 октябрда бўлиб ўтган президент сайловига атаб Жанубий Кореянинг «Калмар ўйини» сериалига ишора қилувчи граффити чизди. Муқимий ва Чилонзор кўчалари чорраҳасидаги, Қодирий, Чўлпон ва Фитратларнинг тасвири чизилган жойдан унча узоқда бўлмаган девор ушбу стрит-арт учун манзил бўлди.
Ижодкор 23 октябрда ўзининг Telegram саҳифасида граффитининг пайдо бўлиш жараёни акс этган видеони жойлаб, унга «Келажак учун овоз беринг», — деган чорлов қолдирди. Нега айнан сайлов мавзуси эъторингизни тортди деб қизиқдик. «Сайлаш — ҳар биримизнинг ҳаққимиз. Одамларда сайлашга бўлган иштиёқни ошириш учун», — деган жавоб бўлди.
Кейинги манзили Учтепа тумани Алихонтўра Соғуний маҳалласи. Ҳаётини Туркистоннинг озодлиги ва мустақиллиги учун бағишлаган, ислом оламида шуҳрат қозонган аллома Алихонтўра Соғуний расми ва унинг «Агар ўзбеклар бошқа ишларга ҳам ошга келгандек бирлашиб йиғила олганларида эди, дунёда бундан қудратли миллат бўлмасди» фикрини маҳалладаги уйлардан бирининг деворида тасвирлайди. 2021 йил 12 ноябрда ушбу жараён видео ва суратларини бўлишди.
Кўча рассомининг навбатдаги стрит-арти Тошкентдаги «Ўзбекнефтгаз» ёқилғи қуйиш станцияси яқини, Учтепа тумани, Катта Қаъни кўчаси деворларининг бирида чизилган бўлиб, унда бензин нархининг ошиши дўппи кийган эркакнинг ёқилғи қуйиш пистолети ёрдамида ўз бошига «отаётгани» орқали тасвирланган.
19 ноябрда ўзининг Instagram саҳифасида граффитининг пайдо бўлиши ҳақидаги видеони жойлаган куннинг ўзидаёқ ижтимоий тармоқларда унинг ўчириб ташлангани тасвирланган суратлар тарқалди.
2021 йил 7 декабрь Чилонзор тумани, 5-даҳа. Аквапаркнинг ўнг томонида «Янгиланаётган Ўзбекистон» стрит-артининг тўғрисида «Мона Лизанинг устини бўяётган бола» тасвирини чизди. Бу билан стрит-артларининг ўчириб юборлишига урғу берган.
2022 йил 14 февраль. Чилонзор тумани, 2-даҳа, 15 Б ҳудудда Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудига бағишлаб навбатдаги стрит-артини чизди. Бу ижодкорнинг ҳозиргача бўлган охирги иши бўлиб турибди.
Агар эътибор қаратадиган бўлсак, рассомнинг 26 ишидан фақат биттаси, Алихонтўра Соғунийга бағишлаб чизганигина Чилонзордан бошқа ҳудуд — Учтепада. У ҳам бўлса, алломанинг номидаги маҳалла Учтепада жойлашгани учун. Стрит-артлар чизишни бошлаган пайтида Inkuzart Чилонзорни галереяли санъатзорга айлантириш ниятидалигини билдирган эди.
Хўш, шунча ижоддан кейин Чилонзор санъатзорга айландими, дея сўнгги саволни бердик. «Менимча, ҳа. Санъатзор деб номлашса ҳам хурсанд бўлардим. Аммо ҳали Чилонзорда жойлар кўп. Чизишда давом этаман. Ундан кейин бошқа ҳудудларга ўтарман», — деган жавобни олдик.
Изоҳ (0)