Пентагон яқин кунларда Польшага яна 3 минг нафар ҳарбий хизматчи юборади, деб хабар беради Deutsche Welle.
Reuters агентлиги маълумотларига кўра, гап Шимолий Каролина штатидаги 82-ҳаво-десант бўлинмасининг ҳарбийлари ҳақида кетмоқда. Агентлик манбасининг таъкидлашича, буйруқ Пентагон раҳбари Ллойд Остин томонидан АҚШ президенти Жо Байденнинг кўрсатмасига асосан имзоланган.
Аввалроқ ушбу бўлинманинг 1,7 минг ҳарбий хизматчиси Польшага жойлаштирилганди. Улар Украинанинг Лвов вилоятидан 90 километр узоқликда жойлашган Жешув шаҳри аэропортида келган.
Шу куннинг ўзида АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучлари F-16 жанговар самолётлари Германиядан Руминияга кўчирилишини маълум қилди. Улар Қора денгиздан 100 километр наридаги Фетешти авиабазасига жойлаштирилади. Нечта қирувчи самолёт кўчирилаётгани ошкор этилмаган.
Самолётлар экипажлари «Россиянинг ҳарбий жиҳатдан Украина яқинида кучайиши оқибатида юзага келган ҳозирги кескинлик даврида минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш учун Қора денгиздаги иттифоқчилар билан яқиндан ҳамкорлик қилади».
Эслатиб ўтамиз, 24 январь куни АҚШ Давлат департаменти Американинг Киевдаги элчихонаси ходимларининг бир қисмини, оилаларини эса тўлиқ эвакуация қилмоқчилигини маълум қилди. Бундан ташқари, Давлат департаменти АҚШ фуқароларини Украинани тарк этишга чақирди. Буюк Британия ва Австралия ҳам Киевдаги дипломатларининг оилаларини эвакуация қилишни бошлади.
Владимир Зеленский аввал ҳам икки марта украиналикларга Россия босқинининг эҳтимоли юзасидан мурожаат қилган. У халқини ваҳимага берилмасликка чақирган.
Изоҳ (0)