Колумбия ғарбидаги Доскебрадас шаҳрида кўчки оқибатида 15 киши, жумладан, икки нафар вояга етмаганлар ҳалок бўлди, яна 34 киши жароҳат олди. Бу ҳақда El Tiempo нашри хабар берди.
Расмийларнинг маълумотларига кўра, бир киши бедарак йўқолган. Ҳалок бўлганлар сонини тасдиқлаган қўшни Перейра шаҳри мери Карлос Майа ҳудудда кўчки хавфи сақланиб қолаётганидан огоҳлантирди ва яна қурбонлар бўлмаслиги учун одамларни шаҳарни тарк этишга чақирди.
Доскебрадас шаҳрига кўчки 8 февраль куни эрталаб кучли ёмғирдан сўнг ёпирилган, бу дарё тошқинига ҳам сабаб бўлган. 20 га яқин уй тупроқ остида қолган.
«Хавфсизлик нуқтаи назаридан яқин атрофда жойлашган 15 та уй аҳолисини эвакуация қилишга қарор қилдик», — деди Карлос Майа.
Жароҳатланганлар шифохонага етказилган. Колумбия президенти Иван Дуке ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдирди.
Маҳаллий аҳолининг таъкидлашича, илгари худди шундай фожиа 1973 йилда юз берган. Ўшанда кўчки 60 кишининг ҳаётига зомин бўлган.
Аввалроқ Австрияда қор кўчиши оқибатида беш киши ҳалок бўлганди. Маълумотларга кўра, швециялик чанғичилар гуруҳи ва маҳаллий инструктор кўчки остида қолиб кетган.
Шунингдек, Бразилияда кучли ёғингарчилик 20 кишининг ўлимига сабабчи бўлгани, АҚШда қор довули сабаб 5 мингга яқин авиарейс бекор қилингани, ЖАРда тропик бўрон оқибатида 70 киши ҳалок бўлгани тўғрисида хабарлар берилганди.
Изоҳ (0)