Наманганда Покистоннинг Лаҳор университети билан ҳамкорликда халқаро университет ташкил этилади. Бу ҳақда «Дарё» мухбири Азизбек Абдувалиев хабар бермоқда.
Мазкур олий ўқув юрти Янги Наманган туманидаги 2-тиббиёт коллежи ҳамда собиқ диагностика марказида жойлашиши ва ушбу лойиҳага 10 миллион доллар инвестиция киритилиши кўзда тутилган.
Университетда тиббиёт, стоматология, фармацевтика, IТ, халқаро ҳуқуқ ва бизнес йўналишлари бўйича факультетлар ташкил этилиши белгиланган.
Лойиҳа доирасида 2022—2023-ўқув йили 500 нафар талаба қабул қилиш, 2024 йилга келиб эса уларнинг сонини икки баравар ошириш режалаштирилмоқда.
Наманганда амалий ташриф билан бўлиб турган Покистоннинг Панжоб вилояти губернатори Муҳаммад Сарвар Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззақов ҳамроҳлигида мазкур олий ўқув юрти жойлашадиган биноларни кўздан кечирди ҳамда бу ернинг янги қиёфаси бўйича фикр ва тавсияларини билдирди.
Изоҳ (0)