«Ўзгидромет» Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида чанг бўрони кузатилишидан огоҳлантирди.
Маълум қилинишича, 27 январь кунида Туркманистон ҳудудидан илиқ ҳаво кириб келиши, ҳарорат ва атмосфера босимининг нисбатан градиентлари вужудга келиши ҳисобига Бўстонлиқ туманининг баъзи жойларида шамол тезлиги 17-22 метр/секундгача кучайиши кутилмоқда. Натижада мазкур ҳудудда чанг бўрон ва ғуборлар кузатилиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, Тошкент шаҳри ва вилоятида 25 январь куни қалин туман тушиш ҳолати кузатилганди. Гидрометеорология хизмати маркази директорининг биринчи ўринбосари Ибратжон Каримов туман инсон саломатлиги учун хавфсиз эканини айтганди.
Унинг сўзларига кўра, туман тушган пайтда Тошкент шаҳридаги юқори сезувчанликка эга атмосфера ҳавосининг ифлосланиш даражасини ўлчайдиган стационар постларда майда дисперс заррачалар миқдори 111,2 микрограмм метр/кубни ташкил этган. Кўрсаткич санитар меъёр қоидаларига кўра инсон саломатлиги учун хавфсиз даража ҳисобланади.
Изоҳ (0)