Португалиянинг рўйхатга олиш ва нотариал институти текширув ўтказмоқда. Текширув давомида «Челси» футбол клуби эгаси, миллиардер Роман Абрамовичнинг фуқароликка қабул қилиниш жараёни текширилади. Бу ҳақда Ренасcенса хабар берди.
Португалия Адлия вазирлигининг нашрга маълум қилишича, бу рўйхатга олиш хизматининг тартибида қандайдир қонунбузарлик белгилари мавжуд бўлганда амалга ошириладиган одатий процедура.
Вазирликнинг таъкидлашича, тергов иштирокчилари Абрамович томонидан фуқароликни олиш учун тақдим этилган ҳужжатларни, жумладан, унинг сефард яҳудийлари жамоасига мансублигини тасдиқловчи материалларни текширади.
Роман Абрамович рекорд даражада қисқа вақт ичида Португалия фуқаролигини олган, деб ёзади нашр. У зарур ҳужжатларни 2020 йил октябрь ойида топширган ва олти ой ўтгач, 2021 йил апрель ойида Пиреней ярим оролида яшовчи сефард яҳудийлари жамоасининг авлоди сифатида Португалия қонунига биноан фуқароликка қабул қилинган. Абрамович Португалия фуқаросига айлангани ҳақида маҳаллий ОАВ декабрь ойида хабар берганди.
Роман Абрамович Россия, Португалия ва Исроил фуқаролигига эга. 2018 йилнинг май ойида Буюк Британия унинг инвестицион виза олиш учун топширган ҳужжатларини кўриб чиқиш жараёнини кечиктиргач, Абрамович Исроил фуқаролигини олган.
Изоҳ (0)