Ўзбекистонда коронавируснинг «омикрон» штамми аниқлангани сабабли бир қатор чекловлар жорий этилади. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар қилди.
Маълум қилинишича, аҳолини тўлиқ эмлаш ва бустер доза билан эмлаш ишлари жадаллаштирилади.
Вазирлик ва идора раҳбарлари, ташкилий шаклидан қатъи назар, барча ташкилотларда ишчиларнинг эмлангандан сўнг иш жойларига киритишга рухсат берилади. Мазкур тартибни бузган ташкилот раҳбарларига нисбатан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қатъий чора кўрилади.
Шунингдек, Олий таълим муассасалари талабалари ўртасида таътил давомида коронавирус инфекциясига қарши тўлиқ эмлаш чоралари кўрилади. Ушбу тадбирларга ОТМ раҳбарлари шахсан масъул этиб белгиланади.
Эслатиб ўтамиз, мамлакатга келган хорижий давлат фуқаросидан COVID-19 нинг янги «омикрон» штамми жорий йилнинг 7 январь куни аниқланган. Шу сабабли барча ташкилот, корхона ва муассасаларда, йирик савдо мажмуалари, супермаркетлар, кўнгилочар муассасаларнинг кириш қисмида ниқобда бўлиш, ижтимоий масофани сақлаш, тана ҳароратини ўлчаш амалиётига қатъий риоя этилиши таъминланади.
Изоҳ (0)