2021 йилнинг 31 декабрида Самарқанд шаҳридаги Бўстонсарой ва Рўдакий кўчалари кесишмасида барпо этилган туннелнинг очилиш маросими бўлиб ўтган эди. Шаҳардаги тирбандликларни қисқартириш мақсадида автомобиллар қатнови учун расмий фойдаланишга топширилган туннел 143 миллиард сўмга барпо этилган.
Фойдаланишга топширилганлигига бир ҳафта бўлмаган ушбу туннелда 2022 йил 3 январдан 4 январга ўтар кечаси ёғган ёмғир натижасида сув сизиб чиқа бошлаган.
«Дарё» мухбири туннелдан сув сизиб чиқаётган ҳолатни ўрганди. Ўрганиш жараёнида ўзини таништиришни истамаган қурилиш ходими туннелдан сизиб чиқаётган сув мазкур объект атрофидаги кўкаламзорлаштирилган боғнинг еридан ўтган бўлиши мукинлигини билдирди. Қурувчи сизиб чиқаётган сув лойқа эканлигини, бир сутка давомида ёғган ёмғирнинг суви юмшоқ тупроққа аралашиб, лойқа бўлиб оқаётганини таъкидлади.
Самарқанд шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Абдужаббор Пўлатов туннел очилиш маросимига журналист ва блогерларни таклиф қилишда аҳолига қулайлик яратиш мақсадида мазкур туннелнинг транспорт воситалари ҳаракатланадиган қисмида ишлар деярли якунлангани боис расмий очилиш маросими ўтказилишини маълум қилган.
Абдужаббор Пўлатов эълон қилган хабарда туннелга туташ бўлган ерости ва ерусти пиёдалар ўтиш йўли ҳамда кўкаламзорлаштирилиши режалаштирилган жойларда ишлар давом этавериши ва транспорт воситаларининг ҳаракатига таъсир қилишига бесабаб йўл қўйилмаслигини билдирган.
Самарқанд вилояти ҳокимининг матбуот котиби — ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси Манучеҳр Мирзаев объект ҳали Қурилиш вазирлиги тасарруфида эканлигини маълум қилди. Шунинг учун ҳолат юзасидан расмий изоҳни улар беришини, Қурилиш вазирлиги матбуот котибига ҳолат айтилганлигини билдириб ўтди.
«1-Кўприк қурилиш отряди» директор ўринбосари Азимбек Мирзаевнинг билдиришича, янги туннел деворларидан сув сизиб чиқишининг кўприкнинг конструкциявий қисмига ҳеч қандай зарари йўқ. Ирригация тармоқларининг тўлиқ ишга тушмагани сабабли шундай ҳолат юз берган. Январь охирига қадар ишлар якунига етказилганидан сўнг бундай ҳолат такрорланмайди.
Маълумот учун, туннел қурилиши 2019 йил охирида бошланган. Ушбу қурилиш 2022 йилда бўлиб ўтиши режалаштирилган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитидан олдин шаҳар кўчаларини реконструкция қилиш бўйича кенг кўламли ишлар доирасида амалга оширилган.
Умумий қиймати 143 миллиард сўмни ташкил этган ҳамда тўлиқ давлат бюджети ҳисобидан молиялаштирилган ушбу туннел «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ «Кўприкқурилиш» трести УК томонидан амалга оширилган. Telegram’даги «Давлетовуз»нинг ёзишича, лойиҳанинг амалга оширилишига тендерсиз рухсат берилган.
Ҳукумат қарори билан лойиҳачи, пудратчи ташкилотларни тўғридан-тўғри энг яхши таклифлар асосида танловларсиз белгилаб олишга мутасадди вазирликлар, идоралар ҳамда Самарқанд вилояти ҳокимлигига, истисно тариқасида рухсат берилган. Шунингдек, қурилиш-монтаж, таъмирлаш, реконструкция ишлари лойиҳа-смета ҳужжатларини тайёрлаш билан бир вақтда амалга оширилишига ҳам рухсат берилган.
2022 йилнинг 1 январида «Ўзбекистон24» томонидан намойиш этилган ушбу туннел очилиш маросими ҳақидаги видеолавҳада режа бўйича 3 йилда қурилиши лозим бўлган тунел 1,5 йил ичида, 1 йил ичида қурилиши лозим бўлган галерия типидаги йўл ўтказгич эса 6 ойда фойдаланишга топширилишига эришилгани таъкидланган.
«Кўприкқурилиш» Трести матбуот хизматининг маълум қилишича, туннел типидаги мазкур йўл ўтказгич асосий қурилиш-монтаж ишлари якунланиб, Самарқанд шаҳри аҳолисига янги йил байрам тадбирлари даврида тирбандликни олдини олиш ва транспорт воситалари ҳаракатланишига қулайлик яратиш мақсадида очиб берилган бўлиб, ободонлаштириш ва сув қочириш, ирригация тармоқларида ҳали қурилиш ишлари давом эттирилмоқда.
Тоннел қисмининг деворларидан сув ўтиш ҳолати ҳали қурилиш ишлари давом эттирилаётган сув қочириш-ирригация тизимидаги лотокларга ҳар хил турдаги тиқилишлар оқибатида юзага келган. Туннел деворларига ўрнатилган плиталар «қуруқ монтаж» усулида ишланган бўлиб, уларнинг орасидан сув ўтиши йўл ўтказгичнинг конструктив элементлари мустаҳкамлигига салбий таъсир этмайди.
Лойиҳа ечимига кўра ушбу транспорт ечими қурилиши доирасида ёмғир сувларини қочириш учун насослар ўрнатилиши ва оралиқ қурилмалар туташиш жойида асфальт қопламасини кесиб, деформацион чоклар ўрнатилиши кўзда тутилган. Яқин кунларда қайд этилган ишлар тўлиқ якунланиб, юзага келган нохуш ҳолатлар бартараф этилади.
Изоҳ (0)