Бухоро вилояти ҳокими ўринбосари – вилоят маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи Йўлдош Жумаев вазифасидан озод этилди. Бу ҳақда «Дарё»га вилоят ҳокими матбуот хизмати хабар бермоқда.
Йўлдош Жумаев 2020 йилнинг февраль ойида Когон туман ҳокими вазифасидан вилоят ҳокими ўринбосари лавозимига тайинланган эди. 2021 йилнинг февраль ойида Бухорога ташриф буюрган Ўзбекистон президенти қуруқ ҳисобот билан чекланган ушбу мансабдорга камроқ гапириб, кўпроқ ишлашни маслаҳат берган эди. «Мен сиз билан биринчи марта гаплашяпман. Камроқ гапиринг, менга қилган ишларингизни... Баландпарвоз гаплар менга ёқмайди», – деган эди.
Таъкидланишича, Йўлдош Жумаев ўз аризасига биноан ишдан бўшатилган. Ушбу ўринга вазирликда бошқарма бошлиғи лавозимидан ишлаб келган Аҳрор Ғуломов тайинланган.
Аҳрор Ғуломов 1970 йилда Ғиждувон туманида туғилган. Маълумоти олий. Тошкент Давлат университети (1996 йил) ҳамда Ўзбекистон Миллий университетини (2006 йил) тамомлаган. У ўз меҳнат фаолиятини Ғиждувон туманидаги 1-умумий ўрта таълим мактабида ўқитувчи сифатида бошлаган. Шундан сўнг давлат ҳокимияти органларида турли лавозимларда ишлаб келган. Айни пайтга қадар Аҳрор Ғуломов Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги бошқарма бошлиғи сифатида фаолият кўрсатиб келган.
Изоҳ (0)