Эгей денгизидаги Парос ороли яқинида ичида мигрантлар бўлган қайиқ ағдарилиб кетди. Фожиа оқибатида камида 13 киши ҳалок бўлган. Бу ҳақда The Guardian’га таяниб, «Korrespondent.net» хабар берди.
Таъкидланишича, кўнгилсиз ҳодиса Парос оролидан саккиз километр нарида содир бўлган. Соҳил хавфсизлик хизмати маълумотларига кўра, елканли кемадан 62 киши қутқариб олинган.
Омон қолганларнинг айтишича, қайиқда жами 80 га яқин одам бўлган. Айни вақтда қайиқ ағдарилган жойда қидирув операциялари ғаввослар, бешта соҳил хавфсизлиги катерлари, ўнта хусусий кема, вертолёт ва ҳарбий-транспорт самолёти иштирокида давом этмоқда.
Қайиқнинг ағдарилиб кетишига нима сабаб бўлгани номаълум. Бу Греция сувларида мигрантлар бўлган қайиқларнинг жорий ҳафта ўзида учинчи марта ағдарилиб кетишидир.
23 декабрь куни Афинадан 235 километр жанубда елканли кема тошли оролчага урилиши оқибатида 11 киши ҳалок бўлганди. Яна 52 йўловчи, жумладан 11 нафар аёл ва 27 нафар бола «оролда бир неча соат қолиб кетганидан сўнг» қутқариб олинган.
24 декабрь куни ироқлик мигрантлар бўлган кема Фолегандрос ороли яқинида чўкиб кетиши оқибатида камида уч киши ҳалок бўлган, яна 13 киши қутқариб олинган. Камида 17 киши бедарак йўқолгани айтилмоқда.
Греция Африка, Яқин Шарқ ва бошқа мамлакатлар мигрантлари ҳамда қочоқлари учун Европа Иттифоқига киришнинг энг асосий йўли ҳисобланади.
Аввалроқ Ливия соҳиллари яқинида 75 дан ортиқ муҳожир чўкиб кетгани, Францияда қочоқлар Ла-Манш орқали Британияга сузиб ўтишга уринаётгани учун спорт дўконларида қайиқ сотиш тўхтатилгани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)