Мэнни Пакьяо — саккиз вазн тоифаси бўйича жаҳон чемпионига айланган ягона боксчи. У боксда юқори марраларни забт этган, Филиппинда муваффақиятли сиёсатчи, хайрия ишларига жуда кўп вақт ажратади. Лекин унинг ҳам ҳаёт ҳикоясида қора доғлар мавжуд. Мэнни қимор, ичкилик ва фоҳишабозликка муккасидан кетганди. «Пакмен»нинг сўзларига кўра, улар нафақат фаолияти ва оиласи, балки ҳаётини ҳам барбод қилиши мумкин эди.
Покерда 100 минглаб доллар ютқазиб қўйиши мумкин эди
Пакьяо ўз иқтидорини кенгайтира оладиган мураббий топиш мақсадида 2001 йилда АҚШга йўл олади. Ўша вақтда у 50,8 кг вазн тоифаси бўйича WBC чемпиони эди, кейин эса 55,3 кг вазн тоифасида WBC International йўналишида жаҳон чемпионига айланди. Аммо ўзига керак бўлган мутахассисни топиш осон бўлмади. Бир қанча мураббий филиппинлик йигитчага рад жавобини берди. Кейин эса Мэнни ўзининг фаолиятига жуда катта таъсир кўрсатган инсонни учратди — бу Фредди Роуч эди. Пакьяо ҳозиргача Роучга ишонч билдиради ва жангларга унинг қўл остида тайёрланади (фақатгина 2018 йилда Фреддисиз шуғулланишга ҳаракат қилиб кўрди, аммо барибир унга қайтди). Улар деярли бир оиладек эди, кўп нарсаларни биргаликда бошидан ўтказган.Мэнни билан биргаликда унинг энг яқин дўсти, кейинчалик Роучнинг ёрдамчисига айланган Бубой Фернандес ҳам Америкага ташриф буюрганди. Пакьяо АҚШдаги илк совринли жангида техник нокаут билан Лехлохоноло Ледвабни мағлуб этиб, 55,3 кг вазн тоифасида IBF чемпионига айланган. Ундан сўнг Марко Антонио Баррера, Эрик Моралес, Хуан Мануэль Маркес, Оскар де ла Ҳоя, Рикки Ҳаттон, Мигел Котто, Антонио Маргарито, Шейн Мосли каби боксчилар устидан ғалаба қозонган. Пакьяо АҚШда жаҳон миқёсидаги шон-шуҳрат билан биргаликда аҳмоқона одатга ҳам эга бўлди — қиморга берилди. 2012 йил июнь ойида Sports Illustrated журнали Пакьяонинг азартли ўйинларга берилиб кетгани ҳақида ёзганди.
Боксчининг кичик укаси Бобби унинг Жанубий Калифорниядаги казинога бориб туриши, у ерда 100 минг долларни бой бериши мумкинлиги ҳақида гапирди. Бир куни Пакьяо профессионал покерчи Жастин Смит билан ўйнайди. Ўша ўйин ҳақида Смит интервьюларидан бирида гапириб ўтганди:
«Ўшанда мен деярли 100 минг доллар тикиб, фаолиятимдаги энг катта блефни (рақибни қўрқитиш мақсадида ишлатилган уйдирма) амалга оширдим. У беш дақиқага яқин ўйлади ва таслим бўлишидан аввал бир жуфт тузни кўрсатди. Кейин эса мендан ўз қарталаримни очишни ёлвориб сўради. У ерда ҳеч қандай комбинация йўқ эди, лекин мен инстинктимга ишондим ва таваккал қилдим. Ўз қарталаримни кўрсатишни ва бу билан яхшироқ эканлигимни билдиришни ёқтирмайман, албатта. Аммо унинг жаҳлини чиқаргим келмади, сабаби у буни қатъий сўрганди.
Ундан уч марта қарталаримни кўришни ростдан хоҳлаётганини сўрадим, у эса уч марта бошини қимирлатди. Мен унга блеф қилганимни кўрсатдим. У қарталарга қаради ва комбинация йўқлигини кўрди. Шундан сўнг кўзларимга қаради ва қўлини мушт қилиб сиқди. Ўша лаҳзада мен саккиз вазн тоифаси бўйича камар соҳибининг жаҳлини чиқарганимни сездим. У ўрнидан турди ва менинг ёнимга келди. Аввалига кулди, кейин қўлимни сиқди ва бағрига босди. У менинг юришимга ҳурмат билан муносабатда бўлди, чунки доим мусобақалашишни ёқтирарди» — дейди ўйинчи.
Шахсий хўроз фермасини очди ва казинода миллионлаб доллар қарзи бор эди
100 минг доллар — катта миқдор. Лекин Бубой Фернандес янада даҳшатли ҳикояни сўзлаб берди — Пакьяо ўз ватанида машҳур бўлган ва қонунийлаштирилган хўроз жангига 16 миллион Филиппин песосини (350 минг доллар) тикиб юборган. Мэннининг хўроз уриштириш жангларига қизиқишини Фредди Роуч ҳам тасдиқлайди, мураббий унинг 50 минг доллар тикаётганига гувоҳ бўлган. Пакьяонинг ушбу ўйинга қизиқиши жуда юқори бўлганлиги сабаб, жанговар хўрозларни етиштириб берадиган шахсий фермасини очди. Фермада умумий нархи 700 минг долларга тенг бўлган мингга яқин хўроз бор эди.Пакьяо 2000 йилларда жуда кўп даромад топарди — битта жанги учун 30 миллион долларгача гонорар оларди. 2012 йилда унинг промоутери Боб Арум Sports Illustrated’га берган интервьюсида Мэнни қимордаги қарзларини тўлаш мақсадида жанг олдидан 2 миллион доллар аванс олишни сўраганини айтиб берган. Ундан ташқари Арум бунга қадар ҳам Мэннининг қарзларини ёпиш учун қиморхоналарга беш мартага яқин пул ўтказганини тан олди. «Мен таниган спортчилар ичида энг ёмон одатга берилган Мэнни эди. Пакьяо бу нарсага боғланиб қолганди», — дейди Арум.
Рафиқаси ажрашиш билан таҳдид қилганидан сўнг Пакьяо эътиқодини мустаҳкамлади ва тунги клубини сотиб юборди
Sports Illustrated’нинг Пакьяо қиморга берилгани ҳақидаги мақоласи унинг Тимоти Бредлига қарши жанги олдидан чиқди. Ўша вақтда боксчи аллақачон ҳаёт тарзини ўзгартирган, динга берилганди. 2011 йил ноябрь ойида Хуан Мануэль Маркес устидан қозонилган қийин ғалабадан сўнг Пакьяонинг рафиқаси ажрим тўғрисидаги ҳужжатларни тақдим этди. Чунки филиппинлик боксчининг хўроз фермасидан ташқари тунги клуб ва казиноси ҳам бор эди. Мэнни у ерда енгил табиатли қизлар билан дам олишни яхши кўрарди. Боксчи диндан паноҳ топди, бу ҳақида ўзи 2012 йилнинг февралда айтиб берганди.
Энди бундай бизнес билан шуғулланмайман. Маниладаги катта тунги клуб ва казинодаги акцияларимни сотиб юбордим. Аввал ожиз инсон бўлганимни тушунаман. Агар ҳозир ўлганимда, аниқ дўзахга тушардим. Худога ишонардим, лекин Худонинг иродасига қарши иш қилдим.«Мэнни жуда кўп чалғитадиган омиллардан халос бўлди, энди унда аввалгиларидан яхшироқ бўлган янги нарсалар бор. У тунги клуб ва казиносини топширди, энди қимор ўйнамаяпти ва ичмаяпти. Ҳозир у рафиқаси билан доим бирга ва жуда бахтли. Аввал унга оғирлик қиладиган чалғитувчи сабаблар бор эди. Энди Пакьяо кўп ибодат қиляпти, Библияга қайтди ва жуда яхши ишлаяпти. Мэнни бахтлироқ ва яхши одамга айланди», — деганди Фредди Роуч Reuters’га берган интервьюсида (2012 йил май ойи).Бредли билан жанг 2012 йил 9 июнда бўлиб ўтди. Жангдан бир ҳафта олдин Пакьяо машҳур телебошловчи Жимми Киммелнинг кўрсатувида меҳмон бўлди. Мана уларнинг суҳбатидан парча.Мэнни Пакьяо
- Киммел: Аҳволинг қандай?
- Пакьяо: Яхши.
- Киммел: Либосингда ўз суратинг турибди. Бу менга ёқди. Мен ҳам ўзимга нимадир ўйлаб топишим керак.
- Пакьяо: Менда сен учун худди шунақасидан яна битта бор.
- Киммел: Мен учун? Жуда зўр. Шу ердалигинг яхши. Яқинда ҳаётингда катта ўзгаришлар қилганингдан хабарим бор.
- Пакьяо: Ҳа.
- Киммел: Алкогольдан воз кечдингми?
- Пакьяо: Азартли ўйинлардан ҳам.
- Киммел: Азартли ўйинлар. Чекиш.
- Пакьяо: Мен чекмасдим.
- Киммел: Сен чекмагансан.
- Пакьяо: Қизлар.
- Киммел: Қизлардан ҳам воз кечибсан, нима бўлди? Хўроз жангларидан ҳам воз кечибсан, эшитдим.
- Пакьяо: Азартли ўйинлардан сўнг ундан ҳам воз кечдим.
- Киммел: Хўроз жангини ташлаган вақтингда жиддийлашганингни сезасан. Нима бўлди? Нега бунақа ҳолат юз берди?
- Пакьяо: Чунки Библияни ўқиганимдан сўнг Худонинг амрларига итоат қилиш ва уларга амал қилиш кераклигини тушундим.
- Киммел: Вау, шунчалик жиддийми? Атрофингдагиларга нима бўлди? Қаерда бўлсанг ҳам атрофингда жуда кўп одам бўларди. Энди улар ҳам барчасидан воз кечиши керак-ку?
- Пакьяо: Ҳа.
- Киммел: Барибир мажбур. Улар Библияга қайтганингни хурсандчилик билан қабул қилмаган бўлса керак?
- Пайкао: Йўқ, энди улар бахтли.
Пакьяонинг диндорлигини Филиппинда кўпчилик қабул қила олмади, лекин унда президент бўлиш учун имкон бор
Пакьяо ҳакамлар қарорига кўра (муҳокамали қарорлар) Бредлига мағлуб бўлди. 2012 йил декабрда Хуан Мануэль Маркес билан жангда чуқур нокаутга учради (бу улар ўртасидаги тўртинчи жанг эди, тетралогияда Мэнни 2-1 ҳисобида олдинда, яна битта жанг дуранг билан якунланган). Юзтубан ётган Мэнни, рафиқасининг ваҳимаси — буни кўриш даҳшатли эди. Пакьяо орадан бир йил ўтиб, Брендон Риос устидан қозонилган ғалаба билан қайтди. 2014 йилда филиппинлик боксчи Бредлидан реванш олди (ҳакамларнинг қарорига кўра). Пакьяонинг динга нисбатан муносабати пасаймади, аксинча, кучайди.«Ҳаёт тарзимни ўзгартирганим кўпчиликни ҳайрон қолдирди. Ўша вақтда, ўша ёшда нима хоҳласам қила олишимни билардим. Худонинг овозини эшитганимдан сўнг ҳаммаси ўзгарди. Унинг борлигига гувоҳлик беришим мумкин. Иккита оқ фариштани кўрдим, уларнинг улкан қанотлари бор эди. Жаннатни кўрдим. Худо менга вақтнинг тугашини кўрсатди. Буларнинг барчаси охирги уч йилда юз берди. Шу тариқа ҳаётимни ўзгартирдим»— деганди Пакьяо 2014 йил The Guardian’га берган интервьюсида.
Филиппин — христиан давлати, шунга қарамасдан Пакьяонинг диндорлигини салбий қарши олганлар бўлди. Гап шундаки, 80% филиппинликлар — католик. Мэнни эса «Янги аҳд» номли Евангелия черкови издошига айланди.
«Унинг онаси Дионезия бунга салбий муносабат билдирди. У доим фарзандига розарийни (анъанавий католик тасбеҳи) беришни хоҳлаган. Мэннини хавотирга соладиган ягона нарса — бу эътиқод унинг сиёсий фаолиятига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлиги (Пакьяо 2007 йилдан буён сиёсий фаолият олиб боради). Мамлакатнинг асосий қисми католик ҳисобланади.
Баъзи жангчилар бокс оғир бизнес бўлгани учун динга мурожаат қилади. Боксчлар суянишга арзийдиган нарсаларни излайди. Балки у ҳам шунинг учун бу ишни қилгандир. У ва рафиқаси Жинки ҳозирда ҳар доимгидан бахтли. Мэнни энди базмларда иштирок этмайди ва ичмайди. Бегона қизлардан узоқлашган, рафиқаси эса бундан хурсанд. У ҳақиқий оилапарвар. Шунинг учун бу нарса унга жуда кўп яхшиликлар олиб келди. Аввал Мэнни ўзини дунёни ‘ушлаб қўйган’дек тутар ва ёввойи инсон эди. Унга ҳамма нарса мумкин эди», — дейди Фредди Роуч.
2015 йилда Пакьяо Флойд Мейвезер билан жанг ўтказди. «Пакмен» ҳакамлар қарорига кўра мағлубиятга учради, лекин 100 миллион доллардан ортиқ гонорар олди. Бу пуллар нафақат унга фойда келтирди: Мэнни ўзи туғилган Кибаве шаҳрида мингга яқин уй қурди ва уни муҳтож оилаларга текинга берди. 2016 йилда Филиппин қуйи палатаси сенаторига айланди. 2020 йилнинг охирида ўнглар партияси ФДП «Лабан» раҳбарига айланди. Амалдаги президент Родриго Роа Дутерте уни ўзининг издоши деб атайди. 2022 йилда Пакьяо Филиппин президентига айланиши мумкин.
42 ёшида ҳам Мэнни юқори даражали фаол боксчи бўлиб қолди. 2021 йилнинг 22 августида Йорденис Угасга қарши жанг қилиб, мағлуб бўлди ва шундан кейин қўлқопларини михга илганини эълон қилди.
Изоҳ (0)