Ўзбекистонда турар жойларни ижарага олувчи талабаларда солиқ мажбурияти юзага келмайди, деб хабар беради Давлат солиқ қўмитаси матбуот хизмати.
Қўмита ижтимоий тармоқларда жисмоний шахслар томонидан талабаларга турар жойларини ижарага беришдан олинган даромадлари бўйича тўланадиган даромад солиғини талабалар зиммасига юклаётгани айтилган хабарларга муносабат билдирган.
Маълум қилинишича, кўчмас мулк объектларини талабаларга ижарага беришда даромад олувчи мулк эгаси бўлиб, Солиқ кодексининг 375-моддасига (мулкий даромадлар) мувофиқ бундай даромад жисмоний шахсларнинг мулкий даромадлари ҳисобланади.
«Мазкур кодекснинг 85-моддасига (солиқ мажбурияти), асосан, солиқларни ўз вақтида тўлаш ижарага берувчи жисмоний шахсларнинг мажбурияти ҳисобланиб, натижада ижарада турувчи талабаларда солиқ мажбурияти юзага келмайди», — дейилади муносабатда.
Таъкидланишича, Давлат солиқ қўмитаси томонидан талабалар ва турар жойини ижарага берадиган фуқаролар учун қулайликлар яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 сентябрдаги 595-сон қарорига асосан ижара шартномаларини электрон ҳисобга қўйиш учун «Ijara.soliq.uz» электрон хизмати ишлаб чиқилган.
Мазкур электрон хизмат тизими Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги маълумотлар базаси билан интеграция қилиниб, талабаларнинг барча маълумотлари автоматик равишда шакллантирилади ҳамда кўчмас мулк объектларини талабаларга ижарага бераётган жисмоний шахсларнинг олган даромадларини солиқдан озод қилиниши ҳам автоматик тарзда амалга оширилиши назарда тутилган.
Ушбу хизмат тури тест синовларидан муваффақиятли ўтказилган ва 2022 йил 1 январдан тўлиқ ишга туширилади.
Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев 2021 йилнинг апрель ойида ижарада яшаётган талабаларга 1 майдан бошлаб ижара тўловининг ярми давлат томонидан қоплаб берилишини айтганди. Кейинчалик ижара тўлови харажатларининг 50 фоизи БҲМнинг бир бараваридан ошмаган тақдирда тўлаб берилиши маълум бўлган. Сентябрь ойида талабаларга ижара тўловининг бир қисмини қоплаб бериш тартиби белгиланган.
Изоҳ (0)